2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Олмаота шаҳрида Ўзбекистон-Қозоғистон дўстлик форуми бўлиб ўтди

Мамлакатимизнинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган ўзбек-қозоқ дўстлик форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Қозоғистон халқи Ассамблеяси, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, ишбилармон, илмий ва академик доиралари вакиллари, «Шугила», «Алтин Копир», «Тулга Достик» жамоат фондлари, Олмаота шаҳри ўзбек ва қорақалпоқ этномаданий марказлари фаоллари ҳамда ватандошларимиз иштирок этди.

Анжуман қатнашчилари Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросим ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқлари билан танишди.

Ўзбек халқига коронавирус пандемиясига қарши курашишда инсонпарварлик ёрдами сифатида 20 та кислород концентратори тақдим этгани учун “Шугила” жамоат жамғармасига миннатдорлик билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистон-Қозоғистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган фаолларга эсдалик совғалари топширилди.

Олмаота шаҳридаги Ўзбекистон этномаданий бирлашмаси раиси ўринбосари Абдухалил Ўралбоевга янги беш жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» тақдим этилди.

Қозоғистон халқи Ассамблеяси Олмаота шаҳри бўлими котибияти мудири Назар Балкимбаев Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик муносабатларининг бугунги даражасига юксак баҳо бериб, ўзаро савдо, сармоявий ҳамкорлик, минтақалараро ва маданий-гуманитар алоқаларнинг жадал суръатларда ўсиб бораётганини қайд этди. У  Қозоғистонда миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда Олмаота шаҳрининг ўзбек ва қорақалпоқ этномаданий марказлари фаолларининг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.

Форумда сўзга чиққан меҳмонлар Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида сўз юритди.

Тадбир иштирокчиларига ўзбек хонандаси Бахтиёр Матназаров иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, меҳмонлар ўзбек миллий таомларидан татиб кўриш имкониятига ҳам эга бўлди.