Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз бир йиллигига бағишлаб “Она тилим– жону дилим” мавзусида ёшлар ўртасида китобхонлик танлови бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев байрам арафасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори барча туркий тилли халқлар учун чинакам совға бўлганлигини таъкидлади.
Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланмоқда.
Тадбирда она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз кераклиги таъкидланди.
Тадбир якунида танлов ғолиблари аниқланди. 1-ўринга Севара Қўшаева, 2- ўринга Паризода Рўзибоева ва 3- ўринга Икромжон Бобомуродов муносиб топилди.
Ғолибларга қўмита томонидан жаҳон ва ўзбек адабиётининг энг сара намуналаридан иборат китоблар тўпламлари топширилди.