2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Қонунчилик палатаси сайлов кунини кўчиришга нима сабаб бўлаётганини маълум қилди

Президент сайловлари октябрь ойига кўчирилиши мумкин. Бунда 2021 йилги сайловлар таҳминан 24 октябрга тўғри келади. Қонунчилик палатаси сайлов куни ўзгаришитирилишига сабаб бўлган омилларни маълум қилди. Таъкидланишича, ҳужжат лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар томонидан ишлаб чиқилган.

Аввалроқ, Конституциянинг 117-моддасига ўзгартиш киритиш орқали сайлов кунини декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасидан октябрь ойига ўтказиш бўйича қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилинаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Маълум бўлишича, ушбу лойиҳа бир гуруҳ депутатлар томонидан ишлаб чиқилган ҳамда 25 январь куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган.

«Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида сайлов кунини ўзгартишдан ташқари, халқаро ташкилотларнинг ҳам бир қанча таклифлари ўз аксини топган.

  • Сайлов кунини — декабрь ойидан октябрь ойига кўчириш. Бунга сайловлардан кейинги сиёсий тадбирларни ўтказиш, жумладан, давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотларнинг кечикаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.
  • Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатиш. Бунда уларнинг ваколатларини туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юклаш назарда тутилмоқда.
  • Хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш. Шу қаторда у ерда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратиш.
  • Парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш. «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонунни Сайлов кодекси билан мувофиқлаштириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасига ЕХҲТнинг ДИИҲББ бир қатор тавсиялари — сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташлаш ҳамда сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланишни тақиқлаш киритилмоқда.

Қолаверса, ДИИҲББнинг яна бир таклифи, сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддатини 10 кундан 5 кунгача қисқартириш ҳам лойиҳада акс этган. Бу билан сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсад қилинган.

Шу қаторда сиёсий партиялар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда.

«Бу, депутатларнинг фикрича, сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланиш шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади», дейилади палата хабарида.

«Газета.uz»га қуйи патала матбуот хизмати маълум қилишича, лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун палата сайтида эълон қилинди. Таклифлар эса demokratkom@parliament.gov.uz почтаси орқали қабул қилинади.

loading