«Жанубий Кавказ» сиёсатшунослар клуби (Озарбайжон) раҳбари Илгар Вализода АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистонни диний эркинликлар соҳасида «Махсус назорат рўйхати»дан чиқариш тўғрисидаги расмий баёноти юзасидан ўз муносабатини билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
— Ўзбекистон, ўзбек халқи ва расмий Тошкентнинг турли диний конфессиялар ва этник гуруҳлар вакилларига муносабати билан таниш бўлган ҳар бир киши Давлат департаментининг аввалги қарорини англашилмовчилик ёки мамлакат обрўсини туширишга интилган кучлар фаолиятининг натижаси деб билган, — деди эксперт. — Аввалги қарорни бекор қилган амалдаги ҳужжатни Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаолияти эътирофи ва адолат тантанаси деб ҳисоблаш мумкин. Мен Ўзбекистон ва ушбу меҳмондўст мамлакатнинг турли шаҳарларида кўп маротаба бўлганман. Ҳеч қачон оддий фуқаролар ёки ижро ҳокимияти вакилларининг бошқа миллат ва конфессия вакилларига нисбатан нохуш муносабатини сезмаганман. Ўзбекистонда бағрикенглик устувор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Мамлакатда насроний православ епархияси, яҳудий ва бошқа дунё динларига мансуб ибодатхоналар фаолият юритади.
Ўзбек жамияти ва ҳукумати Конституция тамойилларига риоя қилган ҳолда мамлакатда яшовчи турли диний гуруҳ вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлмоқда. Шу тарзда миллий осойишталик ва тотувлик таъминланмоқда.
Ўзбекистон бошқа динларга ҳурмат кўрсатилмаётган кўплаб давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу ерда диний конфессиялар ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва англашув тамойиллари асосида ривож топмоқда. Ўзбекистонда азалдан шундай бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Чунки бу ўзбек халқи табиатига хос фазилатдир.