Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти бошлиғи Меҳриддин Хайритдинов бошчилигидаги делегация Татаристонга ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Қозон кооператив институтида ташкил қилинган «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобининг тақдимотида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Б.Асадов, мамлакатимиз Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари қатнашди.
5 жилдлик янги чоп этилган луғат институт ректори Алсу Набиевага тантанали равишда топширилди. У Ўзбекистон делегацияси аъзоларини мазкур олий ўқув юртида ташкил этилган Ўзбек маданияти маркази фаолияти билан таништирди.
А.Набиева Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида эришилаётган ўзгаришларни институт жамоаси катта қизиқиш билан кузатиб боришини қайд этди.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқида бугунги кунда дунё аҳлини қийнаб келаётган кўпгина глобал муаммолари, жумладан халқаро хавфсизлик, глобал иқлим ўзгариши, гендер тенглик масалалари, халқаро терроризмга қарши курашиш, қашшоқлик ва камбағалликни камайтириш, коронавирус пандемияси ва унинг натижасида бутун дунёда юз бераётган иқтисодий инқироз оқибатлари ҳамда мавжуд глобал муаммоларни ҳал этиш бўйича илгари сурилган ташаббуслар эътирофга сазоворлигини таъкидлади.
Тадбирда Қозон кооператив институтида ўзбекистонлик ёшлар ҳам таҳсил олаётгани ва Ўзбекистон ҳудудида яқин келажакда мазкур олий ўқув юрти филиалини очиш истаги борлиги таъкидланди.
Қозон кооператив институтида таҳсил олаётган талабалар томонидан тайёрланган бадиий дастур йиғилганларга манзур бўлди.