2020 йил glavnaya

Пекиндаги ватандошлар билан видеомулоқот ўтказилди

Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонасида Хитойда бўлиб турган ватандошлар билан видеоконференция воситасида навбатдаги мулоқот бўлиб ўтди.

Маълумки, сўнгги йиллар давомида чет элда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ва ҳар томонлама ҳимоя қилишга кўмак бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу фикрнинг тасдиғи сифатида, энг аввало, мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланганини келтириш жоиздир. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки мазкур ҳужжатда хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг Концепцияси ҳамда улар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Бўлиб ўтган онлайн-тадбир чоғида Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишларидан қатъий назар, ҳимоя қилишга қодир мамлакат сифатида ўзини яққол намоён этаётгани аниқ мисоллар воситасида тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди. Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 14 сентябрь куни имзоланган «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорнинг мазмун-моҳияти хусусида фикр алмашилди.

Ушбу Қарор билан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий қилинаётгани ва тизимнинг асосий йўналишлари белгиланганига алоҳида эътибор қаратилди.

Айниқса, 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ташкиллаштирилган ҳолда хорижга кетишдан олдин фуқаролар мажбурий тартибда касб-ҳунар ва тилларга ўқитилишининг жорий этилиши, қонуний меҳнат миграцияси ташкил этилиши учун хорижий давлатлар иш берувчилари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда махсус марказлар очилиши тўғрисидаги маълумотлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Ватандошларимиз вакиллари бу ҳужжатда чет элларда меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган юртдошларимиз учун давлат томонидан кенг имконият ва шароитлар яратиб берилиши назарда тутилгани ҳеч бир ўзбекистонликни бефарқ қолдирмаслигини таъкидлади.

Юқоридагилар билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги ваколатхоналарининг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ушбу мамлакатда вақтинча ва доимий истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва мафаатларини ҳимоя этиш, ватандошлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, доимий мулоқот ўрнатиш орқали юртдошларимизнинг муаммоларини аниқлаб, уларни тезкор ва самарали ҳал этиш эканлиги яна бир бор қайд этилди.

Тадбир чоғида ватандошларимизга элчихона консуллик бўлими томонидан Хитойда яшаш, таълим олиш ва меҳнат қилишнинг ҳуқуқий жиҳатларига доир зарур тавсиялар берилгани баробарида элчихонада жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича узлуксиз хизмат кўрсатиш тизими ўрнатилгани, ватандошлар муаммоларини ҳал этиш юзасидан ҳуқуқий ахборот олиш учун барча имкониятлар яратилгани алоҳида таъкидланди.

 

Шуҳрат Умиров,

“Дунё” АА мухбири

Пекин