Президент мустақилликнинг 29 йиллиги арафасида тақдирланган бир гуруҳ ватандошларга фахрий унвонлар, орден ва медалларни топширди. «Бу ерда ўтирганлар бугунги куннинг қаҳрамонлари, мардона халқимизнинг буюк вакиллари» — дея таъкидлади давлат раҳбари.
28 декабрь куни Кўксаройда президент Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг 29 йиллиги арафасида тақдирланган бир гуруҳ ватандошларга фахрий унвонлар, орден ва медалларни топширди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
«Биз кейинги йилларда яхши анъанани йўлга қўйиб, юртдошларимизга мукофотларни байрам кунида топшириб келаётган эдик. Афсуски, бу йилги пандемия шароитида одамларимизнинг соғлиғини асраш учун ушбу хайрли тадбирни бироз кейинга суришга тўғри келди. Эзгуликнинг кечи йўқ, дейдилар. Насиб этган экан, мана бугун сизлар билан Янги йил байрами арафасида юзма-юз кўришиб, дийдорлашиб турибмиз» — деди Шавкат Мирзиёев.
«Биз бугунги натижаларга эришиш учун пандемия шароитида — ғоят мураккаб бир вазиятда иш олиб бордик, — дея давом этди президент. — Бунинг учун 2−3 карра кўпроқ меҳнат қилишга, изланиш, янги имконият ва ресурсларни қидириб топишга тўғри келди. Аввало, фидойи шифокорларимиз ўз жонини гаровга қўйиб, халқимиз соғлиғини асраш учун беқиёс жасорат ва матонат кўрсатдилар».
Давлат раҳбари Қуролли кучлар, Миллий гвардия, ИИВ ва ФВВ ходимларининг хизматларини алоҳида қайд этиб ўтди. «Бу борада Қуролли Кучлар, Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мард ва жасур ходимларининг хизматларини алоҳида қадрлаймиз. Айни вақтда, бунёдкор қурувчилар, саховатли тадбиркорлар, маҳалла фаоллари, муҳтарам нуронийларимиз, навқирон ёшларимиз, илм-фан, маданият ва спорт соҳаси вакиллари эл-юртимизга ҳақиқий таянч ва суянч бўлиб майдонга чиқдилар. Ҳар қандай синовни бирдамлик билан енгиб ўтадиган халқимиз мана шундай оғир кунларда қудратли кучга айланди. Фурсатдан фойдаланиб, сабр-матонатли, заҳматкаш, олижаноб ва фидойи халқимизга, унинг буюк қаҳрамонлиги учун яна бир бор бош эгиб, таъзим қиламан», — деди президенд.
Тадбирда айтиб ўтилганидек, ватандошларнинг фидокорона меҳнатларини муносиб эътироф этиш мақсадида бу йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвони, «Олий Даражадаги Дўстлик», биринчи ва иккинчи даражали «Саломатлик» ҳамда «Фахрий мураббий» орденлари, «Сўғлом турмуш» медали каби янги давлат мукофотлари таъсис этилди. Бундан ташқари «Меҳнат-саховат» кўкрак нишони жорий қилиниб, ижтимоий ҳимояга мухтож аҳолини қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшган қарийб 25 минг ватандош ушбу мукофот билан тақдирланди.
Айни кунларда жойларда юзлаб ҳамюртларимизга ана шу фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди. Давлат раҳбари мукофотланган барча ватандошларга йиғилганлар номидан табрик йўллади.
Ўқитувчи ва мураббийлар байрами арафасида жадидчилик ҳаракати намояндалари — Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган эди. Маросим аввалида ана шу мукофотлар маърифатпарвар боболарнинг невараларига топширилди.
Бундай эҳтиром улуғ аждодларнинг ўлмас мероси бугунги кунда ҳам қадрли эканидан, халққа беқиёс маънавий куч бағишлаб келаётганидан далолат беради. Айни вақтда, эл-юртнинг миллий уйғониш ва тараққиётга интилиши барқарор эканини намоён этади.
Шунингдек, тиббиёт, иқтисодиёт, фан, таълим, адабиёт ва бошқа соҳалар намояндалари, давлат ва жамоат ишлари фаолларига мукофотлар топширилди. Самарали фаолияти, ватанпарварлиги ва ташаббускорлиги билан ёшларга ибрат бўлаётгани учун президент уларга миннатдорлик билдириб, эзгу тилакларини изҳор этди.
«Ҳаммамиз бугун яхши орзулар ва улуғ мақсадлар билан, янги йил остонасида турибмиз. Биз барчамиз аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, халқимизга садоқат билан меҳнат қилиб, янги Ўзбекистон пойдеворини яратаётганимиз билан фахрланамиз. Дунёмиз тинч бўлсин, бағрикенг ва олижаноб халқимизни, жонажон Ватанимизни Оллоҳ таоло ҳамиша ўз паноҳида асрасин» — дея сўзини якунлади президент.
Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди. Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, зиёлилар, ёшлар қатнашди