Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ва уни кенг тарғиб қилиш мақсадида турли тарғибот тадбирлари ва давра суҳбатлари ташкил этиб келинмоқда.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетида 21 январь куни «Ўзбекистон-Франция» дўстлик жамияти билан ҳамкорликда мазкур Мурожжатномада ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган вазифалар, топшириқлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларга етказиш мақсадида тадбир ўтказилди. Тадбирда ЎзМУ Халқаро алоқалар бўйича проректор, Университетда «Ўзбекистон-Франция» дўстлик жамияти ижрочи директори Раима Ширинова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев, Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Аваз Содиқов, Сиёсий фанлар доктори, профессор Ибадулла Эргашов ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирни ЎзМУ Халқаро алоқалар бўйича проректор Раима Ширинова очиб, Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар ва бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган эътибор ҳамда уларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳусусида гапириб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева сўз олиб, Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналиши эканлигини таъкидлаб ўтди. — Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ролини ошириш бўйича жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда – дейди Дилором Файзиева. — Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли уларнинг жамиятимиздаги роли тобора ортмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия, Сенатда эса Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия ташкил этилди. Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бугунги кунда 48 нафар аёл депутатнинг фаолият кўрсатаётгани Ўзбекистонда хотин-қизларга катта эътибор берилаётганлигидан далолат.
Ўзбекистонни халқаро иқтисодий ташкилотларга интеграция масаласи энг муҳим устувор масала десам муболаға бўлмайди — дейди Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев. – Жаҳон иқтисодиёти тобора глобаллашиб бораётган ҳозирги даврда бирор бир давлатнинг ҳеч қанақа иттифоқ ва халқаро ташкилотларга аъзо бўлмасдан бир ўзи алоҳида ҳолда катта иқтисодий муваффақиятларга эришиши жуда қийин. Интеграцияни ижобий томонлари ҳақида гап кетганда биринчи навбатда бизга янги бозор пайдо бщлади. Аҳоли учун арзон ва сифатли маҳсулотларни ҳарид қилиш имконияти яратилади. Мигрантларнинг хорижий мамлакатдаги ишлаши, яшаши, турмуш шароити яхшиланишига олиб келади.
Тадбирда шунингдек Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Аваз Содиқов бугунги кунда инсон капитали сифатини ошириш-барқарор ривожланиш омили эканлигини таъкидлаб ўтди. – Инсон капитали ХХI асрда ҳар бир давлатнинг тақдирини белгилайдиган мезонга айланди, ҳозирги давр интеллектуал бойлик ҳукмронлик қилаётган асрдир. Биз барча имкониятларимизни ишга солиб, янги энг замонавий илм, фан, техника ва технологияларни ўзлаштиришимиз лозим, — дейди профессор Аваз Содиқов.
Сиёсий фанлар доктори, профессор Ибадулла Эргашов Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришда ёшларнинг ўрни ва унинг аҳамиятига тўҳталар экан, ёшлар жуда катта стратегик ресурс эканлигига урғу берди. – Бугун президентимиз томонидан ёшларга жуда катта имкониятлар яратиб бериляпти, — дейди профессор Ибадулла Эргашов. Уларни замонавий илм эгаллаши, яқин келажакда инновацион технологияларни ҳаётга жорий эта олиши учун барча шароитлар мавжуд. Фақат, ёшларимиз мана шундай имкониятлардан тўғри фойдаланиб, бор куч ва билимларини жамият ва давлат ривожланишига сафарбар этса, албатта, ривожланиш бўлади, юксалиш бўлади.
Тадбирнинг очиқ мулоқот тарзида, қизғин баҳс-мунозарларга бой ўтгани, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг мазкур мурожаатномага, юртимизда бўлаётган жараёнлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларга барча бирдек дахлдор эканлигини кўрсатиб берди.
Ўзбекистон-Франция» дўстлик жамияти
ижрочи директори Раима Ширинова