2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Президент нутқи – Ўзбек тили байрами кунига муносиб совға

Она тилимиз – миллатимиз руҳи. У бизнинг борлиқ ва бойлигимиз. У кўнглимиз мулки, давлатимиз улуғ тимсолидир. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида таъкидланганидек, халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир.

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида она тилимизда қилган нутқи ўзбекистонликлар қатори сайёрамизда яшаётган барча ўзбеклар ҳамда жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотганидан қувончимизни асло яшира олмаймиз.

Негаки, шу кунга қадар бу каби муҳим тадбирларда халқаро тил сифатида эътироф этилган саноқли тилларда сўзлаш урфга кирганди. Давлатимиз раҳбарининг ўзбек тилидаги нутқи айни шу тартибга янгилик олиб кирди.

Энг муҳими, Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида асосий мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш эканлиги, бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этганлиги, ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозимлигини қайд этганлиги жаҳон давлатлари ва сиёсатчилари учун янги ғоянинг юзага келишига сабаб бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг Бош Ассамблея сессияси иштирокчиларига айтиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан шу йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилганлиги, мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланганлиги, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун доимий муҳим вазифа эканлиги, судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганлиги, коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилганлиги, бу борада муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, мустақил тузилма – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганлиги каби ижобий ўзгаришлар ҳар бир Ўзбекистон фуқароси манфаатига хизмат қилиши шубҳасиз, албатта.

Айниқса, жаҳон ҳамжамияти олдига Президентимиз томонидан қуйидаги:

– Марказий Осиё минтақасининг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлаш учун БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш;

– БМТнинг Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги глобал антитеррор стратегияси доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференция ўтказиш;

– 2021 йилда Ўзбекистонда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида“ деган мавзуда халқаро форум ўтказиш;

– Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш;

– БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш;

– Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш, шунингдек, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш;

– Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш ташаббуслари таклиф этилгани Ўзбекистон аҳолиси ҳамда дунё халқларининг манфаатини ҳимоя қилишда ниҳоятда аҳамиятлидир.

Президентимизнинг юқорида билдирган таклифлари айнан она тилимизда баён этилгани ҳам бежиз эмас. Чунки сўнгги йилларда она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.

Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкилотчилигида нафақат республикамизда, балки жаҳон миқёсида ўзбек тилининг ривожланиши бўйича жадал ва самарали саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг она тилимиз – ўзбек тилидаги нутқи нафақат ўзбекистонликларни, балки бугунги кунда дунёда яшаётган 50 миллиондан зиёд ўзбекларни ҳам руҳлантиргани бор гап.

Бундан қарийб 31 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган. Буюк алломалар, хусусан, Беруний, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тилининг нуфузи, аҳамияти ва қадри нафақат Ватанимизда, балки халқаро миқёсда кун сайин ошиб бормоқда.

Хулоса шуки, давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси минбаридаги ўзбек тилидаги нутқи 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни тадбирлари олдидан азиз халқимизга муносиб совға бўлди.

Эгамназар АСТАНОВ,
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” 

уюшмаси бошқаруви раиси маслаҳатчиси