Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги «Янги Тошкент» маҳалласини бориб кўрди. Бу ерда 130 та коттеж таъмирланди.
Президент шавкат МирзаёевСирдарё вилоятига ташрифи давомида Оқолтин туманидаги «Янги Тошкент» маҳалласини бориб кўрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу ерда 130 та коттеж таъмирланиб, коммуникация тармоқлари тикланган. Янги маҳалла гузари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, кутубхона, спорт мажмуаси, ички йўллар қурилган.
Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Аҳоли билан суҳбатлашди.
Маҳаллада «Нафис либослар» тикувчилик корхонаси ҳам ташкил этилди. Унда 50 нафардан зиёд хотин-қиз иш бошлади. Президентимиз улар билан суҳбатлашди.
«Хотин-қизларга эътиборни янада кучайтирамиз. Аёлни рози қилолсак, жамиятимиз файзли бўлади, ҳамма режаларимизни амалга ошира оламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Корхона келгуси йили тўлиқ қувватга чиққач, йилига 500 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилади. Уларнинг бир қисмини экспорт қилиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари оилавий поликлиникага кириб, соғлиқни сақлаш ходимлари билан суҳбатлашди. Тиббиёт билан спорт ҳамоҳанглигини кучайтириб, одамларни соғлом турмуш тарзига одатлантириш, аҳолининг умрини узайтириш масалалари юзасидан сўз юритилди.
«Кўп юриш билан тўғри овқатланиш маданиятини йўлга қўйиб олсак, тиббиётдаги 30−40 фоиз масалани ҳал қилган бўламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бу борадаги тарғиботни кенгайтириш, рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.