Ўзбекистон Республикасининг Сеулдаги элчихонаси ва Ўзбекистон Ёшлар умумжаҳон асоциациясининг Жанубий Кореядаги вакиллиги ҳамкорлигида бугун “давра суҳбати” ташкил этилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Жанубий Кореянинг нуфузли компания ва олий ўқув юртларида фаолият юритаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар иштирок этган анжуманда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-мҳғияти ва аҳамияти, унда белгиланган долзарб вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари ўз нутқида 2020 йил мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилган ишлар натижалари ва 2021 йилда режалаштирилган улкан режаларга кенг ва атрофлича тўхталгани эътироф этилди.
Анжуман қатнашчилари мамлакатимизда таълим тизимини такомиллаштириш, ёшлар тарбияси, ёш мутахассисларга замонавий шароитлар яратиш бўйича қилинаётган ишлар ва бу борада белгиланган вазифалар тўғрисида ўз фикрларини билдирди.
— Мурожаатномада ёшларни қўллаб-қуватлаш ва уларга кенг имкониятлар яратиш бўйича белгиланган вазифалар бизни руҳлантириб юборди, — дейди ”Hanwha Investment and Securities” молиявий корпорацияси менежери, Ўзбекистон Ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг Жанубий Кореядаги вакиллиги фаоли Феруза Бўронова. – Биз, хорижда таҳсил олаётган ёки меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбек ёшлари она юртимизга чуқур билим, малака ва катта тажриба орттириб қайтиб, Ватан равнақи йўлида астойдил хизмат қилишга бел боғлаганмиз.
«Давра суҳбати» Ўзбекистон Ёшлар умумжаҳон асоциациясининг Жанубий Кореядаги вакиллиги фаоллари томонидан видеотасвирга олиниб, тадбир аудиториясининг кенг бўлишига эришилди.
Тадбир сўнгида унинг иштирокчиларини қизиқтирган консуллик масалаларига оид саволларга ҳам жавоб берилди.