Россия Федерацияси ҳудудидан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун 483/484-сонли поезднинг қўшимча қатновлари йўлга қўйилди. Поездлар Волгоград вилоятидаги “Волжский” станциясидан 15, 18, 22, 25, 28 октябрь кунлари, шунингдек, 1 ва 2 ноябрь кунлари соат 21:57да йўлга чиқади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Йўловчилар поезд чипталарни Россия ҳудудида фаолият юритадиган ҳар қандай темир йўл кассаларидан сотиб олиши мумкин. Чипталарни сотиб олишда Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиши шарт. Бундан ташқари, «Россия темир йўллари» компаниясининг расмий веб-саҳифасида, шунингдек, «Россия темир йўллари йўловчилар учун» мобил иловасидан фойдаланган ҳолда чипталарни расмийлаштириш мумкин.
Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонасининг маълумотига кўра, 20 та вагондан иборат ҳар бир поезд таркиби 938 йўловчини ташишга мўлжалланган. Поездлар Россия ҳудуди бўйлаб қўшимча тўхтовларсиз ҳаракат қилади.
Бош консулхона COVID-19 пандемияси шароитида фуқароларнинг бир жойда оммавий тўпланишига йўл қўймаслик мақсадида қайтиш чиптасини олган ватандошлардан “Волжский” станциясига поезд жўнаб кетадиган куни келишини сўрайди.