Самарқанд шаҳридаги яҳудийлар маҳалласининг 20 гектар майдонда «Шарқий мавзе» лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳанинг мақсади шаҳардаги маданий меросни сақлаш ҳисобланади. Бундай ташаббус «Турон фанлар академияси» нодавлат-нотижорат ташкилоти экспертлари томонидан илгари сурилди, деб ёзмоқда «Новости Узбекистана».
«Турон фанлар академияси»нинг Самарқанд ҳудудий бўлими вице-президенти Фарҳод Аҳмаджоновнинг маълум қилишича, лойиҳанинг долзарблиги бугунги кунда Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида олиб борилаётган қайта таъмирлаш ва бузиш ишлари билан боғлиқ. Бу ишлар жараёнида тижорий мақсадлар устун қўйилиб, объектларининг аҳамияти ҳисобга олинмаяпти.
»Шарқий мавзе» лойиҳаси ҳудуд тарихий қиёфасининг меъморий жозибадорлигини оширишни, шунингдек маҳаллий аҳоли учун қулай шароитлар яратишни кўзда тутган. Ғоя муаллифларининг режалари қаторидан пиёдалар йўлакларини, транспорт коммуникацияларини, муҳандислик қурилмаларини ривожлантириш ва такомиллаштириш ўрин олган.
Лойиҳани ишлаб чиқишга тажрибали дизайнерлар, архитекторлар, шаҳарсозлик бўйича мутахассислар, шу жумладан айни пайтда АҚШ, Исроил ва бошқа давлатларда яшовчи самарқандликлар жалб қилинган.
Яҳудийлар маҳалласи Самарқанд шаҳри тарихий марказининг шарқий қисмида жойлашган. Аввал бу ҳудудда Марказий Осиё яҳудийларининг йирик диаспораси яшаган. Шаҳарнинг бошқа объектлари ва ёдгорликлари билан бирга мазкур ҳудуд UNESCO Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
«Турон фанлар академияси» 2017 йилнинг апрель ойида тузилган. Унинг таркибига ўнлаб академик ва илмий ходимлар киради.