“Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали олдидан 25-26 август кунлари Самарқандда UNESCO шафелигида ўтадиган халқаро конференцияда дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатидан 200 дан зиёд олим иштирок этади.
“Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси“ мавзусида ўтказиладиган халқаро конференцияга 300 дан ортиқ шарқшунос олим, UNESCO экспертлари, халқаро ОАВ вакиллари таклиф этилган.
Шунингдек, Самарқандда “Асрлар қаъридан таралган нур“ номли исломшунос олимлар иштирокида халқаро конференция ҳам бўлиб ўтади. Тадбир доирасида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар“ туркумидаги китоб-альбомларнинг Хоразм ва Бухоро вилоятлари обидаларига бағишланган навбатдаги жилдлари (14 ва 15-жилдлар) тақдимоти ҳамда BBC ўзбек хизмати ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида суратга олинган “Катта лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар“ китобининг тақдимоти ўтказилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қурилган Имом Бухорий илмий тадқиқот марказига ташриф ҳам кўзда тутилган.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, ЎзА