Шавкат Мирзиёев Тошкент металлургия заводи фаолияти билан танишди. Мажмуада 27 та мамлакатдан асбоб-ускуналар келтириб, ўрнатилган. «Ҳудудларда яна юзлаб корхоналарнинг барпо этилиши учун жуда катта замин бўлади», — дея таъкидлади президент.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент металлургия заводидаги технологик жараён билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу корхона техник ва технологик жиҳатдан халқаро миқёсдаги йирик мажмуалар қаторига киради. Бу ерда Италия, Германия, Россия, Австрия, Швейцария, Жанубий Корея каби 27 та мамлакатдан асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишлаб чиқариш, назорат қилиш ва бошқариш жараёнлари автоматлаштирилган.
Энг муҳими, заводда «яшил» технологиялар қўлланган. Чиқиндиларни қисқартириб, қатъий экологик меъёрларга амал қиладиган, чиқинди газларни ушлаб қоладиган, оқова сувларни тозалайдиган ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган.
Мажмуа мутасаддилари ишлаб чиқарувчилар билан йўлга қўйиладиган кооперация алоқалари ҳақида маълумот берди. Завод маҳсулотларига ҳозирнинг ўзидаёқ ўнлаб корхоналардан буюртмалар тушаётгани айтилди.
«Металл муаммо бўлгани учун саноатда занжир йўқ эди. Бу завод ишга тушиши билан талаб юқори бўлган металлургия маҳсулотини ишлаб чиқариш занжири шаклланади. Ҳудудларда яна юзлаб корхоналарнинг барпо этилиши учун жуда катта замин бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари заводнинг шоурумида ҳам бўлиб, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Президент эсдалик учун дарахт кўчатини экди.