Энди эски замонлардаги сингари “Депутат кўчамизга асфальт ётқизсин, ёки газ ўтказсин” – деган гаплар ортда қолиб кетди. Бўлажак депутатларимиз бутун Ўзбекистон ривожига хизмат қиладиган қонун қабул қилиши керак.
Депутатлар қандай қонун қабул қилиши керак эканлигини, қайси соҳада ҳуқуқий ўзгартиришлар қилиш керак эканлигини ўйлаши керак. Халқимиз ҳозир нимани хоҳлаётганини билади, шу сабабли ҳам “Болам Ўзбекистонда ишласин”, “Болам чет элга ўқишга кетмасин, шу ерда ўқисин”, “Менинг болам яхши маош олиб ишласин” – деб депутатлардан сўрашмоқда. Шундай экан Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятидаги ўзгартиришлар эмас балки депутатлар бутун Ўзбекистондаги ўзгаришларга масъулдирлар. Ўйлайманки, жорий йилдаги сайловларда бизни мана шу саволлар қизиқтирмоқда. Рақобат чин маънодаги рақобатга айланиши керак. Сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат умумий мамлакат ривожи учун хизмат қилиши керак.
Ҳозир мендан Марказий сайлов комиссияси сайлов жараёнларида қанчалик фаол бўлиши керак — деган саволга муносабатимни сўрашди. Менимча, Марказий сайлов комиссияси сайловларни ташкил этиб, аниқ натижаларни ҳисоблаб беради. Шунингдек, сайловлар холис, шаффоф бўлиб ўтишини Марказий сайлов комиссияси таъминлаб беради. Аммо, бу жараёнларда фаоллик талаб қилинадиган бош куч сиёсий партиялар ва уларнинг номзодларидир. Бугун номзодлар ўзларининг 3 га 4, паспортга тушган расмларини ва қисқагина маълумотни сайлов округига илиб қўяман — десалар адашадилар. Лекин, шу билан бирга сайлов жараёнларида фуқаролик жамияти фаол бўлиши жуда муҳим. Агар ҳурматли сайловчилар 22-декабрь сайлов округларига келиб, ярим соатда овоз бериб кетаман – дейишса, адашадилар. Ҳурматли сайловчилар, сиз ҳам фаол бўлишингиз, номзодлар билан учрашиб, ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб талаб қилишингизни сўраган бўлар эдим.
Бугун Ўзбекистон сиёсий партияларга, сиёсатчиларига нисбатан симпатия, яъни сиёсий иштиёқ шаклланиши керак. Биламизки, Буюк Британияда асрлар давомида лейбористларга ёки консерваторларга овоз бериб келаётган оилалар мавжуд. Бизда ҳам сиёсий партияларга нисбатан шундай симпатияни шаклланадиган вақт келди.
Энди ОАВ ва сайлов ҳақида. Ҳозир барча босма нашрлардан кўра, интернет саҳифаларни ўқишмоқда. Сиёсий партия ахборот хизматлари журналистикага кириб келган янги йўналишлар яъни СММ, copywriterларни ишга таклиф қилишса, тўғри шамолни тутган бўлишади. Улар ижтимоий тармоқларда партия фаолиятини ёритиб боради. Чунки, барча сиёсий партиялар ижтимоий тармоқларда, умуман интернетда фаол ёритишга муҳтож.
Ҳозир кўпчиликнинг фикрини эшитдим: сайлов чоғида партиялар маданият доирасида, бир-бирини ҳурмат қилган ҳолда ҳаракатланиши керак. Бошқача айтганда, улар ўзини маълум қолипга солиши лозим. Кечирасиз-у, гап халқ тақдири, эртанги куни, иқтисодий ривожланиши ҳақида кетар экан, блогерлар ижтимоий тармоқларни “ёндираётган” пайтда қандай маданият ҳақида гапириш мумкин? Халқимизда бир гап бор, “Тўғри гап келса, отангни ҳам аяма”. Майли, партиялар ўртасида тортишув, баҳслар бўлсин. Ҳақоратлар бўлса, суд олдида жавоб берсин. Сиёсий партиялар оқсуяк аёлларни тайёрлайдиган институт бўлмаслиги керак. Сайлов чоғида маданиятни унутиб турайлик. Демократик тамойиллар асосида ўтадиган сиёсий курашда номзодлар ва кенг жамоатчилик (сайловчилар) енг шимариб астойдил фаол бўлиши талаб этилади.
Шу билан бирга, номзоднинг сиёсий фаолиятидаги камчиликларни истаганча танқид қилиш мумкин, аммо у шахснинг ўзига қаратилмаслиги лозим. Партиялар ўртасида соғлом кураш кетиши, ҳақоратга айланмаслиги керак.
Шерзодхон Қудратхўжаев,
Марказий сайлов комиссияси аъзоси