2021 йил glavnaya Популярные новости

ТДАУнинг афғонистонлик талабалари таълимнинг илк ойини қандай ўтказди?

Афғонистонлик дўстларимиз илк кунларданоқ катта иштиёқ билан ўзбек тилини ўрганишга киришган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури ҳамкорликда афғонистонлик хотин-қизларнинг Ўзбекистонда таҳсил олиши учун махсус грантлар ажратилган эди. Лойиҳага кўра, 50 нафар аёлга Қозоғистон ва Ўзбекистон университетларида таълим олиш имконияти берилади.

Грант ғолиблари орасидан 10 нафар афғонистонлик хотин-қиз Тошкент давлат аграр университети талабасига айланган. Уларнинг бу таълим даргоҳида таҳсил олаётганига бир ой бўлди, деб ёзади ТДАУ ахборот хизмати.

Хорижлик талаба ёшларни Тошкент давлат аграр университети ректори, академик Ботиржон Сулаймонов ва бошқа масъуллар томонидан кутиб олиниб, қисқача танишув суҳбатидан сўнг ёшлар барча қулайлик ва шароитларга эга талабалар турар жойларига жойлаштирилган эди. Афғонистонлик талабалар илк кунларданоқ катта иштиёқ билан ўзбек тилини ўрганишга киришган.

Улар бўш вақтларида университетда ўтказилаётган турли маънавий-маърифий ва маданий тадбирларга таклиф қилинмоқда. Шунингдек, хорижлик талабалар бой китоб фондига эга университет Ахборот-Ресурс маркази билан таништирилиб, барчаларига аъзолик гувоҳномалари топширилди. Талабаларнинг саломатлигини доимий назорат қилиб туриш мақсадида университет поликлиникасига рўйхатга қўйилиб, кенг тармоқли тиббий кўрикдан ўтказилди.

Қолаверса, уларни юртимиз ҳақидаги тасаввурини янада бойитиш мақсадида шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилмоқда. Талабалар махсус режа асосида “Ташкент Сити”, “Хумо Арена” ҳамда Тошкент телеминораси билан таништирилди.

Афғон ёшлари ўз қизиқишларига кўра, айримлари доимий спорт машғулотларига қатнаётган бўлса, баъзиларига ўзбек миллий таомларининг тайёрланиш сирлари ўргатилмоқда.