21 октябрь — Ўзбекистонда давлат тили куни, байрам сифатида кенг нишонланади. Ёш тадқиқотчилар ва тилшунос мутахассислар томонидан она тилимизни ривожлантириш мақсадида, илмий изланишлар олиб борилмоқда, зеро тилга эътибор келажакка эътибор демакдир.
“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-610-сон) жорий йилнинг 13 мартида тасдиқланган ва 2020 йил 15 сентябрдан кучга кирди. Мазкур қонун билан биринчи марта «ватандош» терминига изоҳ берилди. Шунингдек, мазкур қонуннинг 19-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига умумий тартибда қабул қилишнинг умумий тартибига — номзодларни давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиши шартлиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди. Қонун доирасида она тилимизга бу даражада эътибор берилиши бежизга эмас. Маълумки, дунёда 240 дан ортиқ давлатларда яшовчи миллат- элатлар ва тиллар мавжуд бўлсада, барча тиллар ҳам давлат тили мақомига эга эмас. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди.
ЮНEСКО вакилларининг маълумотларига кўра, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувларига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ.
Тил – миллатнинг маънавий бойлиги. Тил нафақат муоамала воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихи. Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларнинг сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарур. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди.
Ҳозирги кунда она тилимиз, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла она тилимиз янграмоқда. Жумладан, божхона тизимида ҳам барча ички идоравий ҳужжатлар ўзбек тилида юритилади. Ваҳоланки, божхонага оид асосий терминлар асосан хорижий тилларда (инглиз ёки француз). Жаҳон божхона ташкилотининг расмий тили ҳам инглиз ва француз тиллари ҳисобланади. Божхона соҳасининг етакчи мутахассислари, тилшунос олимлар ҳамкорлигида божхонага оид хорижий терминлар ўзбек тилига ўгирилди. Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси раисининг она тилида иш юритиш бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.
Хизмат тақазоси билан кўплаб хорижий мамлакатларда хизмат сафарида бўламиз, Халқаро анжуманларда иштирок этганмиз. Хорижий ҳамкасбларимиз Ўзбекистонлик делегация аъзолари билан ўзбек тилида саломлашади. Ўзбекистон байроғи ҳилпираб туради, бу эса, бизга чексиз фахр ва ғурур бағишлайди. Турли халқаро тадбирлар ва анжуманларда ўзбек йигит ва қизларини хорижлик меҳмонлар билан бемалол хорижий тилларда эркин гаплашаётганлигини кўриб хурсанд бўласиз.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, Бугунги кунда давлат тили тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинганлигининг 31 йиллиги арафасида, она тилини янада ривожлантириш мақсадида, илмий изланишлар олиб бориш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Айниқса божхона соҳасида ўзбек тилига ўгирилмаган терминлар ва хорижий илмий адабиётлар мавжуд. Ушбу илмий асарларни ёшлар ўрганиши ва изланишлар олиб бориши талаб этилади. Фурсатдан фойдаланиб, жонкуяр фидоий тилшунос мутахассислар ва олимлар ҳамкорлигида она тилимизни янада ривожлантириш борасидаги улкан ишларига муваффақиятлар тилайман, шунингдек она тилимизни янада такомиллаштириш борасида қуйидаги таклифларни киритаман.
«Ўзбек исмлари» китоби бугунги кун давр талабларига мазмунан жавоб бермаслигини инобатга олиб, авлод — аждодларимиз тажрибаларини ўрганиб, кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари билан келишиб, фойдаланиши учун мумкин бўлган муносиб ўзбек исмларининг мукаммал рўйхатини яратиш зарур. Мазкур рўйхат асосида ёш оилаларга ушбу кўпчилик томонидан маъқулланган ва қонунчилик билан тасдиқланган исмлардан фойдаланишни тавсия этиш мақсадга мувофиқ.
Иккинчидан, баъзи бир номақбул, мазмун маъносиз исмларни фарзандларга бериш мумкин эмаслиги қонунчилик йўли билан тақиқлаб қўйиш фурсати етиб келди деб ўйлайман.
Қурбонқул КАРИМҚУЛОВ,
Божхона институти кафедра мудири, профессор