Ўзбек тили дунёдаги энг бой ва чуқур тарихий илдизларга эга бўлган буюк тиллардан биридир.
Мустақиллик йилларида ўзбек тили ҳақиқий сиёсат тилига айланди. Собиқ иттифоқ даврида ўзбек сиёсий тили таржима тили эди, холос. Чунки марказда қабул қилинган барча ҳужжатлар, маъруза ва чиқишлар, сиёсий аҳамиятга эга ахборотлар зудлик билан ўзбек тилига таржима қилинарди. Энди эса давлат тилида сиёсат олиб бориляпти. Давлатимиз билан бошқа давлатлар ўртасидаги ҳар қандай ҳужжат уч тилда – ўзбек тилида, ўша давлатнинг тили ва халқаро тилда имзоланади. Мустақиллик йилларида янги ўзбек дипломатик тили шаклланди ва такомиллашди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгандан кейинги 30 йиллик тарихимизни кўздан кечирадиган бўлсак, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадрият” экани алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари, 144 та миллий маданий марказ ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Улар ҳам юртимизда давлат тилига кўрсатилаётган эътиборни қўллаб-қувватламоқда, ўзбек тилининг жаҳон тиллари қаторига қўшилишига ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Аксарият маданият марказларида “Якшанба мактаблари” ташкил этилган. Уларда ёшларга ўз она тили ва давлат тили, урф-одат ва анъаналар, маданият ва санъат йўналишларида билим бериб борилиши сўзимизнинг исботидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси етмиш бешинчи юбилей сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида ўзбек тилида маъруза қилиши кутилаётир. Буни эса тарихий воқелик деб баҳоланса, муболаға бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этиши ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб бериши кўзда тутилмоқда.
Бош Ассамблеянинг марказий тадбирлари жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият муносабати билан БМТ тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтяпти.
Аждодларимиз асрлар давомида кутган даврда яшаётганимиздан бахтиёрмиз. Дунёдаги энг нуфузли минбардан туриб инсониятга давлат тилида мурожаат этилиши Президентимизнинг ўзбек тилини дунёга танитиш борасида олиб бораётган амалий ишларининг ёрқин ифодасидир. Бундан мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси, хорижий давлатларда яшаётган ватандошларимиз, қолаверса, бутун дунё аҳли ўзбек тилининг мафтункор жозибали эканига иқрор бўлиши шубҳасиз.
Бундай нуфузга эга бўлган халқ асрлар синовидан ўтган, тили, маданияти, санъати бошқаларга ибрат бўла оладиган халқ саналади. Бугун янгиланаётган Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсат буни амалда кўрсатмоқда.
Дунё Ўзбекистон ва ўзбеклар томон интилишда давом этмоқда.
Рустамбек ҚУРБОНОВ,
Миллатлараро муносабатлар ва
хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари
қўмитаси раиси.