23-24 ноябрь кунлари «Лунд тавсияларининг Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида кам сонли миллатлар вакиллари самарали иштироки бўйича аҳамияти: асосий тамойиллар ва илғор тажриба» мавзуида ташкил этилган онлайн давра суҳбати Тошкент билан Гаага шаҳарларини ўзаро боғлади.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Кам сонли миллатлар вакиллари масалалари бўйича олий комиссари ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТнинг Кам сонли миллатлар вакиллари масалалари бўйича олий комиссари бошқармаси директори Кристоф Камп, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Элчи Жон Мак Грегор онлайн анжуман иштирокчиларини қутлади.
Тадбирдан кўзланган мақсад кам сонли миллатлар вакилларининг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги самарали иштироки билан боғлиқ масалаларни Лунд тавсиялари доирасида муҳокама қилиш ва ушбу тавсияларни қўллаш имкониятларини кўриб чиқишдир.
Давра суҳбатида кам сонли миллатларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги самарали иштироки бўйича Лунд тавсиялари ЕХҲТ Кам сонли миллатлар вакиллари масалалари бўйича олий комиссарининг энг муҳим сиёсий ҳужжатларидан бири экани қайд этилди. Лунд тавсиялари асосан ЕХҲТ иштирокчи давлатларида қарорлар қабул қилиш, хусусан, ўзларига тааллуқли қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш жараёнларида этник жамоаларнинг самарали иштирокини таъминлайдиган аниқ чора-тадбирлар қўлланилишини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Тадбирда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Кам сонли миллатлар вакиллари масалалари бўйича олий комиссарининг сиёсий ва юридик масалалар бўйича маслаҳатчилари ҳамда нуфузли хорижий университетлар халқаро экспертларининг маърузалари тингланди.
Давра суҳбати иштирокчиларининг эътибори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 февралдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига қаратилди. Чунки унда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича асосий вазифалар белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилингани ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси” тасдиқлангани хусусида фикр юритилди. Ушбу ҳужжатларда 2019-2021 йилларда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга ошириш, кам сонли миллатларнинг ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини таъминлаш борасида бир қатор чора-тадбирларни бажариш белгиланган.
Бу ҳақда сўз борганда, жумладан, Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг тили ва маданияти ривожланиши учун барча шарт-шароитларни таъминлаш механизмини такомиллаштириш; уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш; кам сонли миллатлар вакилларининг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, уларнинг тилларида ўқув адабиётларини яратиш каби муҳим вазифаларни алоҳида таъкидлаш лозим.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 15 ноябрдаги фармони билан Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди. Концепция ижроси, хусусан, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, Ўзбекистоннинг бирлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлашга, унинг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлашга, жамиятда миллатлараро бағрикенглик, тотувлик ва тинчликни сақлаб туриш сингари долзарб масалаларга йўналтирилди.
Давра суҳбати бешта сессия доирасида ўтказилди. Бунда турли жамиятларнинг интеграцияси шароитида ижтимоий хаётда самарали иштирок этиш тамойиллари, сиёсий ҳаётда самарали иштирок этиш бўйича ЕХҲТ турли мамлакатларининг илғор тажрибаси, маданий ва диний ҳаётда самарали иштирок этиш орқали турфа хилликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий иштирок этишга инклюзив ёндашув, кам сонли миллатлар аёлларининг ижтимоий ҳаётда иштирок этишидаги тўсиқлар ва имкониятлар бўйича долзарб мавзулар кўриб чиқилди.
Тадбирда, авваламбор, ЕХҲТ Кам сонли миллатлар масалалари бўйича олий комиссари билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, кам сонли миллатларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда иштирок этишининг асосий йўналишлари, ҳукумат ва этник жамоалар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш ва муносабатларни яхшилаш борасида биргаликда иш олиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, тегишли давлат органлари ва манфаатдор томонларни кам сонли миллатларнинг Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида самарали иштирок этишида Лунд тавсияларининг амал қилиш соҳаси, асосий принциплари ва қоидаларидан хабардорлик муҳим эканига эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, давра суҳбати иштирокчилари Лунд тавсияларида ўз аксини топган илғор тажрибалардан яхлит ва бирдам жамият барпо этиш жараёнида амалда фойдаланиш имкониятларини кенг муҳокама қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати.