2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Туризмни ривожлантириш ва спортни оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди

9 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан видеселектор йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида ривожлантирилмоқда. Қатор фармон ва қарорлар асосида бу соҳадаги шароитлар кенгайтирилмоқда. Хусусан, фуқароларидан юртимизга виза талаб этилмайдиган мамлакатлар сони 9 тадан 86 тага етказилди, 53 та давлат учун “электрон виза” тизими жорий этилди. Туризм учун қийин бўлган жорий йилда соҳадаги субъектлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди, уларга субсидия ва ссудалар берилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда коронавирус пандемияси шароитида ёндашувларни қайта кўриб чиқиб, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини тиклаш ҳамда ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Келгуси йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризмидир. Юртимизда ислом динига оид кўплаб зиёратгоҳлар, яҳудийлик, буддавийлик ёдгорликлари бор. Бу имкониятдан фойдаланиб, 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин.

Шу боис келгуси йилдан Европа мамлакатлари, Малайзия, Индонезия, Покистон, Таиланд, Япония каби давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш, янги рейсларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди. Миллий авиакомпаниямизда чипталар нархи баландлиги танқид қилиниб, уни арзонлаштириш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари зиёрат туризмида тарғибот ва илмий ёндашув етишмаётганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари билан бирга бу борадаги ишларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Зиёрат туризми бўйича салоҳиятли давлатлар фуқаролари учун виза тизимини соддалаштиришга доир таклифлар билдирилди.

Соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигида Идоралараро комиссия тузилиши белгиланди. Ушбу комиссия авиапарвозларни ташкил этиш, уларга рухсат олишни соддалаштириш, қатновлар географиясини кенгайтириш ва аэропорт хизматларини яхшилаш бўйича тизимли шуғулланади.

Ҳудудларда ҳали етарлича ўрганилмаган, сайёҳлар жалб этилмаган қадамжолар кўплиги таъкидланди. Маданият вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмитага 300 та маданий мерос объекти ва зиёратгоҳни реставрация қилиш вазифаси қўйилди.

Буюк олим Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва унинг яқинида дафн этилган 8 буюк уламо қадамжосини дунёда 170 миллиондан зиёд издоши бўлган мотуридия таълимотининг зиёрат марказига айлантириш мумкинлиги таъкидланди.

Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокимлигига шу борада кўрсатмалар берилди. Бухоро вилоятида ислом дини ва минтақадаги дин намояндалари тематик хиёбони лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” номли ички туризм дастури келгуси йили изчил давом эттирилади. Бунинг учун Рўза ва Қурбон ҳайитлари, Наврўз, Мустақиллик куни ва Янги йил байрамлари даврида қўшимча дам олиш кунлари белгиланмоқда. Шунингдек, номавсумий саёҳатлар учун Ички туризм ойлиги, ҳафталиги ва кунлари ташкил этилади.

Президентимиз пандемия сабабли туризм соҳаси учун 2020 йил охиригача берилган имтиёз ва преференцияларни 2021 йил охирига қадар узайтириш, аҳоли учун транспорт ва меҳмонхона хизматлари бўйича чегирмалар бериб, ички туризмни оммавий ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.

Видеоселектор йиғилишида туристик масканлар ва инфратузилма объектларини кўпайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида бу борада ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Амирсой” курортининг иккинчи босқичи, “Белдерсой-Чимён-Нанай” халқаро курорти, “Хўжакент” дор йўли, 29 та меҳмонхона ва дам олиш масканлари қурилмоқда.

Ушбу тажриба асосида келгуси йилда туристик салоҳияти юқори бўлган 14 та туман, Хонобод ва Ангрен шаҳарларида туризмни жадал ривожлантириш дастурини амалга ошириш чоралари белгиланди.

Йиғилишда аҳолини оммавий спортга кенг жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Бугунги кунда аҳолимизнинг бор-йўғи 19 фоизи жисмоний тарбия ва спорт билан қамраб олинган. Аксинча, носоғлом турмуш тарзи, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва нонни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ҳолатлари кўп учрайди.

Коронавирус инфекцияси, аввало, юрак-қон томир, нафас йўллари касаллигига чалинган, ортиқча вазнли фуқароларда оғир кечгани ҳаммага маълум. Бу ҳам соғлом турмуш тарзи ва спортнинг аҳамиятини яна бир бор яққол кўрсатди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 октябрдаги фармонида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича жуда муҳим чора-тадбирлар белгиланган эди. Жумладан, туман марказлари ва шаҳарларда 3-5 километрлик “Саломатлик йўлаклари” барпо этиш вазифаси қўйилган.

Йиғилишда шу борадаги манзилли рўйхатни шакллантириб, қурилиш ишларини бошлаш, пиёдалар ва велосипедлар учун барча қулайликларни яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президентимиз жойларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Хусусий спорт иншоотлари, “воркаут”, мини-футбол, бадминтон, стритбол майдонлари ва фитнес заллари барпо этишга тадбиркорларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Юртимизда халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш кераклиги таъкидланди. Хусусан, халқаро мототур ва велотур мусобақалари ташкил этилади, бунинг учун мамлакат ҳудудларидан Бўстонлиқ туманигача маршрут ишлаб чиқилади.

Аҳоли ўртасида жисмоний тайёргарлик даражаси бўйича спорт синовларини йўлга қўйиб, унинг ғолибларига имтиёзлар берилиши белгиланди. Бу биринчиликларни навбатда мактаб ўқувчилари ўртасида, босқичма-босқич аҳоли ўртасида ташкил этиш кераклиги қайд этилди.

Маълумки, Ўзбекистондаги ҳар бир туман ва шаҳар биттадан устувор, истиқболли ҳамда ривожланаётган спорт турларига ихтисослаштирилган. Мазкур тизимдан келиб чиқиб, ҳудудда йирик мусобақалар ўтказиб туриш ва салоҳиятли спортчиларни тарбиялаш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун Миллий Олимпия қўмитаси барча спорт федерациялари фаолиятини туман ва шаҳарларга боғлаган ҳолда ташкил этиб, жойларда Олимпия ҳаракатини ривожлантириб боради.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.