2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Улуснинг улуғ айёми

Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!

Бу йил Наврўз юртимизга тамомила янгича бир шукуҳ ва тантана билан кириб келмоқда. Бугунги кунда жамиятимизда бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар, юксалишлар жараёнида юртимизда яшаётган барча миллатлар билан бир тану бир жон бўлиб, улуснинг улуғ айёми – Наврўзга пешвоз чиқаяпмиз.
Мамлакатимиз раҳбари “2020 йил Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида“ги қарорида ана шу катта “тўй”га катта тайёргарлик кўриш жараёнида яна бир эътиборимизни халқимизнинг миллий қадриятларига, анъаналарига, азалий ўзлигимизга қаратаяпти. Зеро, Наврўз бу шунчаки байрам эмас, халқимизнинг тарихи, маданияти, фалсафий қарашларини ўзида мужассам этган, ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятларга уйғун, Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан эътироф этилган байрамдир.
Ҳар бир халқнинг ўзига хос шундай қадрият ва анъаналари бўладики, у миллатнинг борлигини, улуғлигини намоён этиб туради. Миллат билан бирга яшайди, бирга улғаяди, тараққий топади. Халқимиз тарихи ва маданиятининг бир бўлаги бўлган Наврўз ҳам қадимий бўлиши билан бирга, ҳар йили биз билан бирга янгиланиб, англаниб бораётган улуғ ва навқирон бир байрамдир.
Қарорда Наврўзни муносиб кутиб олиш ва уни ўтказиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар белгилаб берилган. Миллий юксалиш ва тараққиётнинг янги бир босқичига қадам қўйган мамлакатимизда Наврўзга ўхшаган азалий қадриятларимизнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Белгилаб берилаётган вазифалардан бири республикамизнинг барча қишлоқ ва шаҳарларда бўлиб ўтадиган байрам тадбирларида “Нарвўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этадиган маданий-маърифий тадбирларда наврўзнинг тарихи, у билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарнинг аҳамиятини кенг ёритиб бериш масаласидир.
Юртимизнинг ҳар бир гўшасида Наврўз ўзига хос тарзда нишонланади. Бирор гўша йўқки, она табиатнинг тўрт фасли ўз ҳусни тароватини намойиш этмаган бўлсин. Ҳар тўрт фаслда ҳам қуёш чарақлаб турса-да, бари бир, бизда қуёш соғинчи яшайди. Қурган уйимиздан тортиб, ейдиган нонимизгача, кийган кийимимиздан тортиб, тилимизда тугилган сўзларгача, барчасида қуёш билан боғлиқ қадим тасаввур изларини кўрамиз. Ўтов, тандир, нон, сўзана, дўппи ва ҳоказо. “Кўкармоқ”, “кўкат” сўзлари ҳам аслида қуёш сари юзланмоқ, қуёшга талпинмоқ маъноларини ифодалайди. Момоларимиз, боболаримиз севиб, эркалаб айтадиган “айланайин” сўзида ҳам аслида қуёшга бўлган ишонч ётади. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Биз қуёшни севган, уни алқаб турли маросимлар уюштирган, қўшиқлар куйлаган, қуёшсиз ҳаётини тасаввур эта олмайдиган, меҳру муҳаббати ҳам қуёшдай қайноқ элнинг фарзандларимиз. Наврўз аждодларимизнинг ана шундай қуёшли кунларга бўлган соғинчини ифода этган, энг кўҳна ва қадимий бир байрамидир.
“Бу кун – фаришталар қадрлайдиган кундир, чунки шу куни фаришталар яратилган. Бу кунни пайғамбарлар ҳам қадрлайди, чунки шу куни қуёш яратилган. Бу кунни шоҳлар ҳам қадрлайдилар, чунки бу кун йилнинг биринчи кунидир”, деб ёзади Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадим халқлардан қолган ёдгорликлар” деб номланган асарида.
Наврўз билан боғлиқ бундай тарихий, адабий манбалар кўп. Бироқ, энг муҳими – бу азалий қадриятнинг бизнинг кунимизгача яшаб келаётгани, Наврўз билан боғлиқ анъана, урф-одат ва маросимларнинг ҳамон элимизнинг ардоғида эканлигининг ўзи энг ишончли ва мўътабар манбадир.
Наврўз кун билан тун тенг келган кундир. Қадимда йил тақвими, яъни фасллар алмашинуви, унинг қутбларини билиш кишилар фаолиятида муҳим аҳамият касб этган. Аждодларимиз қуёш, ой, юлдуз каби осмон ёритқичлари ҳаракатини кузатиб, улар ҳақида мукаммал билимга эга бўлганлар. Бу уларнинг кундалик, хўжалик, ижтимоий-сиёсий, маданий ва диний ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Аслида Наврўз ҳақидаги мавсумий маросимлар ва қўшиқлар моҳиятида ана шу жараёнлар ҳақидаги тасаввурлар ўз аксини топган.
Наврўз байрами қадимда анъанага кўра тозариш, покланиш, янгиланиш удумидан бошланган. Одамлар ўрталаридаги гина-қудратларни унутганлар, бир-бирларига меҳр-мурувватли бўлишиб, яхши тилаклар билдиришган, гуллар ҳадя этишган, бева-бечораларнинг, беморларнинг ҳолидан хабар олишган, қабристонлар зиёрат қилиниб, ўтганлар руҳи шод қилинган, ҳашар уюштирилиб уй-маҳалла, юрт обод қилинган, боғ ва далаларга гул-кўчатлар экилган.
Бободеҳқоннинг илк бор далага қўш чиқариши ҳам Наврўздан бошланган. Далага қўш чиқаришдан олдин у билан боғлиқ турли урф-одат, маросимлар ўтказилган. Қурбонликлар қилиниб, қўшга қўшиладиган ҳўкизларнинг шохи ёғланган. Бу “Шох мойлар” маросимидан мақсад йилнинг қут-баракали келишига, тўкин-сочинлик бўлишига умид қилинган.
Қадимда Наврўз арафасида аждодларимиз етти хил экиннинг уруғини эккан ва унинг униб чиқишига қараб йилнинг қандай келишини башорат қилган. Наврўз куни етти хил таом тайёрланган. Булар кўк сомса, кўк чучвара, ҳалим, кўк ош, дўлма, сумалак ва ҳоказолар. Етти рақамига урғу берилишининг ўз асоси бор. Чунки қадимда етти рақами муқаддас рақам ҳисобланган.
Сумалак, бойчечак, лола, гул сайллари ҳам Наврўз байрами тизимини ташкил этган. Наврўз куни одамлар кўм-кўк қирларга, адирларга, тоғларга сайлга чиққанлар, табиат билан юзлашганлар, унинг гўзаллигидан, бетакрорлигидан баҳраманд бўлганлар.
Сумалак – баҳорнинг шифобахш, тансиқ ва шоҳ таоми ҳисобланади. Сумалакни асосан аёллар тайёрлаб, қозон атрофида суҳбат қурганлар, чилдирма чалиб, ўйин-кулгу, ҳазил-мутойиба қилганлар, ўз сўзлари, куй-қўшиқлари билан баҳорни – янги йилни алқаганлар. Сумалак тайёр бўлгач, уни тайёрлаганлар барчани сумалакхўрликка – сумалак сайлига таклиф этишган.
Наврўз билан боғлиқ маросимларни кўздан кечирар эканмиз, унда асосан икки жиҳат яққол кўзга ташланиб турганини кўрамиз. Биринчиси, аждодлар руҳига бўлган ҳурмат ва эҳтиром, иккинчиси, ўлиб-тирилувчи табиатнинг жонли ҳолда тасаввур қилиниши ва улуғланиши.
Наврўз пайти ўйналадиган “Оқ суяк” ўйинида ҳам аждодлар руҳига бўлган эҳтиромни кузатамиз. Бу ўйин ҳақида Алишер Навоий ҳам ўз асарларида маълумот беради. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида бу ўйин бугунга қадар ўйналиб келинмоқда. У асосан эрта кўклам пайти, кечқурун ўйналган. “Оқ суяк“ ўйинининг айнан Наврўз пайти ва тунда ўйналишига сабаб, суяк-аждодлар руҳи ёрдамида қиш-тунни ҳайдаб, кунга, баҳорга интилиш бўлган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Айнан кўклам пайтида фасллар алмашинуви, табиатнинг қайта тирилиши, уни жонлантириш билан боғлиқ маросимлар, томошаларнинг ўтиши, ушбу маросимлар моҳиятан инсон ҳаётини янада яхшилаш, табиат мушкулотларини енгиллаштириш, келаётган кўклам ва янги йилни қутлаб, унинг қут-баракали ўтишини яратгандан сўраш, турли ўйин, ҳаракат, қўшиқлар асосида келаётган йилнинг қандай бўлишини чамалаб кўришга хизмат қилган.
Кўклам маросимининг таркибий қисми бўлган халқ ўйинлари кўҳна тарих билан чамбарчас боғлиқ ҳолда асрлар оша анъана тарзида яшаб келаётганлиги халқимизнинг руҳий қуввати ва ижодий салоҳияти бениҳоя юксак эканлигидан далолат беради.
Қадимий анъанага кўра, Наврўз асосан махсус сайлгоҳларда, қир-адирларда нишонланган. Байрам куни эрта тонгдан карнай-сурнайлар чалинган, жарчилар одамларни байрамга таклиф этишган. Чавандозлар, полвонлар, қизиқчи масхарабозлар, бахшилар, қўшиқчи ҳофизлар, ўйинчи-раққослар байрам сайлига ташриф буюрганларга ўз томошаларини намойиш этишган. Наврўз куни одамлар сайлгоҳга – асосан қир-адирларга етиб келишган. Эрта тонгдан ҳамма уйидан олиб келган пишириқ ва ширинликларни дастурхон ёхуд махсус қозонга солишган. Бу пишириқлар асосан сумалак, кўк сомса, патир нон, қатлама, чучвара, кескан ош, палов, қайнатилган гўшт ва ҳоказолардан иборат бўлган. Бу қадимдаги “Қозон тўлди” маросимининг шу кунгача сақланиб қолган бир кўринишидир. Қадимда бундай махсус қозонлар муқаддас саналган ва улар асосан тоғлар этагида, ёхуд бир улкан дарахт остига қўйилган бўлиб, кўклам пайти маросимларда илоҳ-маъбудлардан ҳосилдорлик ва қут-барака сўралиб, аждодларимиз томонидан қурбонлик қилиниб, пишириб келтирилган таом ана шу қозонларга қўйиб кетилган. Тарихчи Геродот ўзининг “Тарих” китобида скифларнинг ана шундай муқаддас қозони бўлганлиги ҳақида маълумотни келтиради. Унда келтирилган маълумотга кўра, скиф ҳукмдорларидан бири ўз аскарларининг сонини билиш учун уларга камон ўқининг учини олиб келишни буюрган. Кейин эса тоғдай уюлиб кетган ана шу камон ўқининг учларидан улкан қозон ясалган. Кейинчалик эса бу улкан қозонда тангриларга қурбонликлар қилиниб, турли хил таомлар пиширилганини ёзади. Амир Темур даврида ясатилган улкан қозон ҳам бу идишнинг маросимларда муҳим аҳамиятга эга бўлганлигидан далолат беради. Бугунги кунда республикамизнинг турли бурчакларида Наврўз куни пишириладиган “сумалак”, “ҳалим”, “дарвешона ош” каби махсус таомлар ҳам улкан қозонларда пиширилади. Қозон қанча катта ва унда пиширилаётган таом қанчалик кўп бўлса – йил яхши келиб, ҳосилдорлик, мўл-кўлчилик бўлишидан далолат беради, деган тушунча мавжуд. Бу эса “Қозон тўлди” маросими ҳақидаги қадим тасаввурларнинг ҳали-ҳамон яшаб келаётганлигини кўрсатади.
Мамлакатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан сўнгги йилларда Наврўз ўзининг ана шундай қадимий анъаналарини тиклаган ҳолда халқимизнинг чинакам шодиёнаси, халқ сайли сифатида нишонланиб келинмоқда.
Наврўзнинг келиши бу шунчаки табиатнинг яшнаши, янгиланиши эмас, инсон онги ва тафаккурининг ҳам янгиланиши деганидир. Бу йилги Наврўзнинг ҳар бир тантанасида юртимизда юз бераётган ислоҳотлар билан бир қаторда, халқимизнинг онги, тафаккурида юз бераётган эврилишлар ўз ифодасини топади, деб ўйлайман.
Наврўз аслида янги кун, янги фасл, янги йил демак. Халқимиз орасида уни Йилбоши деб ҳам аташади. Наврўзни биз қайси ном билан атамайлик, у ҳақиқатдан ҳам миллатнинг улуғ куни, тозариш, яшариш, янгиланиш, юксалиш байрами бўлиб қолаверади. Зеро, Президент қарорида таъкидланганидек, Наврўз бизнинг ўзлигимизни, олис тарихдан то бугунга қадар қандай халқ эканлигимизни ўзида намоён этиб, халқимиз билан бирга яшаб, яшариб, бирга улуғланиб келинаётган байрамларимиздан биридир.
ЎзА   Жаббор ЭШОНҚУЛОВ,
 
филология фанлари доктори.