Мамлакатимизда “1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни” кенг нишонланади ва шу муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Республика уйғур маданий маркази ва Тошкент шаҳар уйғур маданий маркази билан биргаликда шу тантанаган бағишлаб байрам кечаси ташкил этилди.
Бугунги кунда юртимизда миллатлараро муносабатлар ва ҳамжихатлик, дўстлик ва биродарликка кенг имкониятлар яратилган. Айниқса, яқин қўшнилар билан илиқ муносабатлар ва Марказий Осий халқлари орасидаги чегаралар дўстлик тантаналарига айланиб очилганлиги, халқларимиз бир-бирларини қучоқ очиб кутиб олгани, ўзаро борди-келдилар йўлга қўйилганидан барчамиз мамнунмиз. Сиз билан бизни дийдорлашишга чорлаган дўстлик саройи ҳам барча миллатларга бўлган эътибор, ғамхўрликлар тимсоли, нишонасидир.
Захматкаш ва шарафли касб эгаларини табриклаш барча учун шараф ва албатта ифтихор туйғусини туғдиради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Курбанов йиғилганларни қутлуғ байрам билан самимий табриклаб барча устозу мураббийларга энг яхши тилакларини билдирди.
Дўстлик бор жойда барака бўлади. Бизнинг халқимиз меҳнатсевар, захматкаш, ўз ватанини севувчидир. Бировнинг кўнглини олишдек энг шарафли иш дунёда йўқ. Энг аввало, инсонлар бир-бирларига ширин суҳбат, бир-бири билан ҳурмат ва эҳтиромда бўлиши керак. Бугунги кунда юртимизда кексалар ҳамиша иззатда, ҳурматда, келганларида албатта бахолиқудрат азизлар тўрга таклиф этиладилар.
Байрам кечасида республикамизда фаолият олиб бораётган турли миллат маданий марказлари раислари ва фаоллари сўзга чиқишди.
Шундан сўнг меҳмонлар шарафига миллий маданий марказларнинг ҳаваскор санъаткорлари ижросида ўзбек, рус, қозоқ, уйғур, инглиз, француз тилларида катта концерт дастури ҳавола этилди. Хушкайфият улашувчи жозибадор куй ва қўшиқлар ижро қилинди.
Республика уйғур маданий маркакзи раиси Ҳалима Баратова: “Давлатимиз раҳбарияти томонидан кексаларга, мураббийларга, устозларга кўрсатилаётган чексиз эътиборни ҳамиша сезиб турамиз ва ўзимизнинг чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бошқа миллат вакиллари қатори уйғур миллий маркази ҳам устоз ва му
раббийлар куни байрамини кўтаринки руҳда нишонлашмоқда. Бизнинг тадбиримизга юртимизда истиқомат қилаётган ўн икки миллат вакилларидан меҳмонлар иштирок этишмоқда, бу ўз ўрнида жонажон юртимизда барча миллат вакиллари ўзаро дўст, иноқ яшаб келишидан дарак беради. Туркий халқлари орасида ўзбек ва уйғур миллати урф одатлари, санъати, маданияти, тили, таомлари, кийимлари 90 фоизга ўхшаш. Шунинг учун биз уйғурлар эркин эмин яшаб Ўзбекистонни ўз уйимиз деб ҳисоблаймиз ва шу тинчлик ҳукм сураётган мамлакатимизда шундай байрамларни биргалашиб нишонлаш ҳаммамизга кўп йиллар насиб этаверсин”.
Тадбирда шарафли касб эгалари – устозларга фахрий кўкрак нишонлари ва эсдалик совғалари топширилди, касб байрамлари билан табриклаб, уларга яхши тилаклар билдирилди.