2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Устувор вазифаларни белгилаб берган тарихий маъруза

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси долзарблиги ва стратегик аҳамияти билан сиёсатчи экспертлар, кенг жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотди.

Мурожаатномани тинглаб, унда билдирилган фикр, таклиф, ҳаётбахш ғояларни назаримда барча ҳамюртларимиз юрагидан ўтказди. Бунда 2020 йилда амлага оширилган ишларнинг тафсилоти, 2021 йилга мўлжалланган режаларни тўғридан-тўғри нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон ҳамжамияти кузатиб борди. Ушбу Мурожаат орқали ҳар бир соҳа вакили ўзи учун тегишли ва устувор бўлган вазифаларни белгилаб олгани, шубҳасиз.

Унда кўтарилган масалалар орасида ҳудудимизда яшаб келаётган кўпмиллатли халқимизнинг азалий дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ташаббус шу йўналишда давлатимиз раҳбари олиб бораётган оқилона сиёсатининг намунаси эканлигини яна бир карра исботлайди.

Ўтган йилги Мурожаатномада 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан “Дўстлик” ҳафталигини ташкил этиш ҳамда ушбу ҳафталик доирасида “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказиш таклифи илгари сурилганди. Шунингдек, “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақидаги ташаббус ҳам қўллаб-қувватланди. Бу йил эса ушбу санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни”, деб белгилаш таклифи, илгари сурилган ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлди.

Президентимиз томонидан кўтарилган долзарб масалалар қаторида жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш вазифасига ҳам алоҳида урғу берилгани бизнинг Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитамиз зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Маълумки, ҳозирги кунда 10 миллиондан ортиқ ватандошларимиз хорижда яшаб келишади. Булар этник ўзбеклар ва Ўзбекистондан чиққан турли миллат вакилларидан иборат фуқаролар. Улар томонидан 170 га яқин жамият ва ташкилотлар тузилган. Мамлакатимизнинг сиёсати улар билан яқин алоқаларни тиклашга қаратилган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ватандошларимизга кўмаклашиш, улар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш масалалари асосий йўналишларимиздан ҳисобланади. Давлатимиз раҳбарининг “Ватандошлар” жамғармасини тузиш таклифи хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда мустаҳкам асос бўлади.

Президентимизнинг нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратиш таклифи тадбир иштирокчиларининг олқишига сазовор бўлди. Айниқса, Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтининг жорий этилиши миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини янада ривожлантиришга кенг имкон яратади.

Ўзбекистон миллий сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири — бу барча миллат вакиллари учун тенг шароит ва имконият яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдан иборат.

Бу заминда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари «Ўзбекистон –умумий уйимиз!» шиори остида бирлашиб, тўй-тантаналар, турли байрамларни биргаликда нишонлашади. Энг асосийси, барча қардош ва биродар ватандошларнинг миллий урф-одатларини асраб-авайлаш учун зарур шароит яратилган. Бугунги кунда халқ дипломатияси мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, қўшни мамлакатлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш режалари ҳам бизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди ва олдимизга қўйилган режаларимизни талаб даражасида бажаришга ундайди.

Мурожаатномада кўрсатиб ўтилган таклифларни бажаришга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз ва бу, ўз навбатида, жонажон юртимизнинг гуллаб-яшнаши, ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини яратиб беради. Бу эса Ўзбекистоннинг дунёдаги ижобий имижини янада оширишга хизмат қилади.

Рустамбек ҚУРБОНОВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси.