Жорий йилнинг 9 декабрь куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Узбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг миллатлараро муносабатлар соҳасида мавжуд ҳолат юзасидан ахбороти эшитилди.
Тадбир онлайн режими доирасида бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Баҳтиёр Сайфуллаев, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Ташмухамедова, Қўмита раиси Рустамбек Курбанов ва ташкилот мутасадди ходимлари, Миллий маданий марказлар раислари, республика ва вилоятлар ҳокимларининг соҳа йўналиши бўйича муовинлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Учрашувда Қўмита раиси Р.Курбанов 2017-2020 йилларда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.
Маълумки, Янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш даврида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш каби муҳим масала Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида муҳим вазифа этиб белгиланди.
Бугунги кунда Мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари тақдим этган тенг ҳукук ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ва ижтимоий соҳада, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб, Ватанимизнинг гуллаб-яшпашига ва унинг мустақиллигини мўстаҳкамлашга, республиканинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Мустақиллик йилларида халқимизнинг бирлиги ва жипслигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган миллий маданий марказларнинг 130 нафарга яқин фаоллари фахрий унвонларга сазовор бўлди, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Турли миллатлар вакили бўлган 14 нафар ташаббускор ва фидойи юртдошларимиз Ўзбекистон Қаҳрамони каби юксак унвон билан мукофотланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги ПФ- 5046-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилган.
Бугунги кунда Қўмита мамлакатимизда фаолият юритаётган жами 144 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти ҳамда хориждаги ватандошларнинг 38 та жамияти билан ҳамкорлик қилмоқда.
2017-2020 йиллар мобайнида Қўмита фаолиятига доир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та Фармони, 3 та Қарори хамда Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарори, 4 та фармойиши қабул қилинган. Шунингдек, соҳага оид Давлат раҳбарининг 2 та “Йўл харитаси”, Ҳукуматнинг 8 та чора- тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги ПФ-5430-СОНЛИ Фармонига мувофик Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида “Дўстлик уйлари” ташкил этилган.
2017-2020 йилларда Қўмита ҳамкорлигида Миллий маданий марказлар иштирокида республика миқёсида 7 912 та тадбир — 351та илмий-амалий конференция ва семинар, 1 710 та давра суҳбати, 1 108 та кўргазма, 2 735 та мусиқий-бадиий кеча ва концерт, 1 982 та учрашув, 14 та форум, 12 та халқаро конференция ўтказилган.
Миллатлараро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан Қўмита томонидан 23 та концептуал ҳужжат лойиҳалари тайёрланган.
Қўмита таклифи асосида Ўзбекистонда фаолият юритаётган олий таълим муассасаларида бакалавриатнинг антропология ва этнология таълим йўналиши ва тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилиб, уларда 67 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Муҳокамалар чоғида сенаторлар соҳада амалга оширилган ишлар билан бирга республика ва вилоят миқёсида эътибор қаратиш зарур бўлган масалалари ва муаммолари ҳам мавжудлигини таъкидладилар.
Хусусан, 30 июль – “Халқаро дўстлик куни” муносабати билан юртимизда биринчи марта “Дўстлик ҳафталиги”ни жорий этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини қисқа муддатларда парламентга киритиш, “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини таъсис этиш юзасидан ҳукумат қарорини қабул килиш, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ахборот-таҳлил фаолиятини кучайтириш, “Дўстлик уйлари” ва маданий марказлар фаолияти самарадорлигини ошириш, Оролбўйи ва чегарадош ҳудудларда исгиқомат килувчи турли миллат ва элатларнинг тотувлигини мустаҳкамлаш, уларнинг тили ва урф-одатларини асраб-авайлаш, миллий маданий марказларнинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик қенгашлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар.
Шунингдек, Миллий маданий марказлар раисларининг мавжуд мауммолари ва таклифлари эшитилди. Мажлис якунида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари Қўмитанинг Тегишли қарори қабул қилинди.