Бугунги кунда коронавирус пандемияси нафақат юртимизни, балки бутун дунёни ҳам хавотирга солаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ёшларнинг таълимдан узилиб қолмасликлари, уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан барча чора-тадбирлар ҳам олиб бориляпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги № ПФ-5876 – сонли “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 11-бандида аҳоли, шу жумладан болалар ва ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, фуқаролик масъулияти, шунингдек, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган турли тиллардаги китобхонлар ўртасида хилма-хил танловларни ўтказиш, уларнинг ғолибларини таниқли шахслар (шоирлар, актёрлар, ёзувчилар, жамоат арболари ва бошқалар) иштирокида мукофотлашни ташкил этиш вазифаси топширилган.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 14 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Тошкент шаҳар Ахмад Заки Валидий номидаги бошқирд жамоат маданий маркази билан ҳамкорликда “Замин таровати” мавзусидаги китобхонлик танлови бўлиб ўтди.
Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мутасадди ходимлари, Ахмад Заки Валидий номидаги бошқирд жамоат маданий маркази фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Танловнинг асосий мақсади аҳоли, шу жумладан болалар ва ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, шунингдек, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлашдан иборат.
Тадбирни Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев кириш сўзи билан очиб, миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ижросини таъминлаш борасида Қўмитада амалга оширилаётган ишлар ҳусусида маълумот берди. Китоб — инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ҳамда билим манбаидир. Башариятнинг энг муҳим кашфиётларидан бири бўлган китоб неча асрлар оша инсоннинг маънавий баркамоллигига хизмат қилувчи восита сифатида яшаб келишини таъкидлаб ўтди. “Қўмитамиз ўз фаолиятида ёшлар билан ишлаш устувор вазифа этиб белгиланган ва бу борада ёшлар ўртасида китобхонлик танловларининг ўтказилиши фикримизнинг далилидир. Қўмитамиз барча маданий марказлар фаолиятини қўллаб қувватлаб келади ва катта тадбирларни ташкил этишда ўзининг ёрдамини аямайди”, — дея таъкидлади.
Анжуман давомида шунингдек, Ахмад Заки Валидий номидаги бошқирд жамоат маданий маркази раҳбарияти ва фаол ёшлари иштирок этиб ушбу марказ фаолияти хусусида маълумот бериб ўтишди.
Шундан сўнг тадбирнинг амалий қисмига ўтилди. Унинг доирасида барча иштирокчилар танлов шартлари асосида ўз билимларини синовдан ўтказишди. Жараён ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Тадбир якунида танлов ғолиблари эълон қилиниб, ғолиблар ташкилий қўмитанинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Қайд этиш жоиз, бу каби тадбирларнинг ўтказилиши юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидланди.