2021 йил 27 январь куни Ўзбекистон Миллий архиви биносида
“Ўзархив” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва Хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси ҳамда “Ўзбекистон-Исроил” дўстлик жамияти вакиллари билан Ўзбекистон Республикасидаги Исроил давлати Фавқулодда ва мухтор элчиси Зехавит Бен-Гилель ва дипломатик корпуси вакили иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда, “Ўзархив” агентлиги ва АҚШ Холокост ёдгорлик музейи ўртасида 2020 йил 29 июлда имзоланган ҳамкорлик Шартномаси асосида 2021 йил 19 январда “Ўзархив” агентлиги ва “Ўзбекистон-Исроил” дўстлик жамияти ўртасида имзоланган Меморандумда белгиланган долзарб ва самарали ишларни амалга ошириш, ҳамдўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда Ўзбекистон Республикасидаги Исроил давлати элчихонаси билан манфаатли муносабатларни ўрнатиш, “27 январь — Холокост қурбонларини хотирлаш халқаро куни” эълон қилинганлиги ҳамда Америка Қўшма Штатлари Холокост ёдгорлик музейида Ўзбекистонга бағишланган бўлим очилиши масалалари кўриб чиқилди.
Кириш сўзи билан “Ўзбекистон-Исроил” дўстлик жамияти директори, академик С.Ғуломов учрашув иштирокчиларини қутлаб, “Ўзбекистон-Исроил” дўстлик жамияти томонидан олиб борилаётган ишлар бўйича қисқача ахборот берди.
“Ўзархив” агентлиги директори У.Юсупов Ўзбекистон Республикаси архив иши соҳасида амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар бўйича маълумот берди.
Шу билан бирга, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига эвакуация қилинган яҳудийлар тақдирига оид архив ҳужжатларини аниқлаш, рақамли нусхаларини тайёрлаш ва электрон қидирув тизимини яратишдаги келажакдаги истиқболли лойиҳалар ҳақида улар бўйича молиялаштиришга қаратилган ҳамкорликни кенгайтириш аҳамиятини таъкидлаб ўтди.
Булардан ташқари, АҚШ Холокост ёдгорлик музейи билан биргаликда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар доирасида Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига эвакуация қилинганлар бўйича электрон маълумотлар базаси яратиб ундан самарали фойдаланиш, архив иши соҳаси мутахассисларини нуфузли олий таълим муассасаларида малака оширишлари, архив иш юритиш тизими ва архив иши соҳасига оид зарурий услубий адабиётлар ва қўлланмалар билан таниши, миллий ёдгорлик музейлар билан манфаатли муносабатларни ўрнатиш борасида ишларни янада такомиллаштиришни таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи З.Абидов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси Республика байналминал маданият маркази ҳамда Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги №ПҚ-5046-сонли қарорига асосан ташкил қилинганлиги ва хозирда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар яшашини, 147 та миллий-маданий марказлар ва 36 та дўстлик жамиятлари. шулар жумласида “Ўзбекистон-Исроил” дўстлик жамияти. Шунингдек, Ўзбекистондаги Яҳудийлар миллий-маданий маркази томонидан фаол ишлар олиб борилаётганлиги ва давлатимиз томонидан марказга катта эътибор кўрсатилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
“Ўзбекистон-Исроил” дўстлик жамияти директори ўринбосари Ш.Максудова “Ўзархив” агентлиги ва “Ўзбекистон-Исроил” дўстлик жамияти ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлар ва идоралараро алоқаларни янада кенгайтириш, миллатлараро бағрикенглик, тотувлик ва дўстона алоқаларни янада ривожлантириш, тенглик, адолат ва ўзаро бир-бирини тушуниш қадриятларига амал қилган ҳолда ижтимоий, иқтисодий, илмий-техникавий, экологик, ахборот, маданий, маърифий ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликка янги сифат бериш ва унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида 2021 йил 19 январда имзоланган Меморандумда белгиланган долзарб ва самарали ишларни амалга оширишда, ҳамдўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда 2021 йил 21 январ куни Бухоро шаҳрида, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Бухоро шаҳар ҳокимлиги
ва “Бухоро мероси” илмий маркази томонидан “27 январь — Холокост қурбонларини хотирлаш халқаро куни” тадбирини ўтказганлигини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикасидаги Исроил давлатининг фавқулотда ва мухтор элчиси Зехавит Бен-Гилель Исроил ва Ўзбекистон ўртасида ҳамжиҳатликда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди.
Жумладан, Ўзбекистондаги Бухоро яҳудийлари ёдга олиниб, Исроилга Ўзбекистоннинг ажойиб анъаналари ва маданиятини очиб беришда ушбу вакилларнинг хиссаси нақадар аҳамиятга молик эканлиги тилга олиниб, Ўзбекистон ва Исроил ўртасида жуда кўп ўхшашликлар: бой тарих, қадимий анъаналар ва ўзига хос хилма -хил маданият мавжудлигини айтди.
Элчи хоним ўз нутқида Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги барча соҳаларда: иқтисодиёт, маданият ва бошқа стратегик муҳим йўналишларда икки томонлама хамдўстлик алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш йўлида, самарали ишларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасидаги фаолият юритаётган Исроил давлати элчихонаси тайёрлигини таъкидлади.
“Ўзархив” агентлиги ва “Ўзбекистон-Исроил” дўстлик жамияти ўртасида 2021 йил 19 январда имзоланган ҳамкорлик Меморандумида белгиланган долзарб ва самарали ишларни амалга оширишда, ҳамдўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган Исроил давлати элчихонаси билан, хусусан Исроил давлат архиви ҳамда Яд ва-Шем Исроил миллий ёдгорлик музейи билан манфаатли муносабатларни ўрнатишни, шунингдек, қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни таклиф қилди:
- Ўзбекистон архив иши соҳаси мутахассисларини Исроил давлат архиви
ва нуфузли олий таълим муассасаларида малака оширишларига кўмаклашиш; - Исроил иш юритиш тизими ва архив иши соҳасига оид зарурий услубий адабиётлар ва қўлланмалар билан танишишга ёрдам беришда;
- 2021 йил февраль-март ойларида Америка Қўшма Штатлари Холокост ёдгорлик мажмуида Ўзбекистонга бағишланган бўлимни очиш бўйича Исроил Давлатининг Яд-ва-Шем Холокост ёдгорлик мажмуига ташриф буюришни ташкиллаштириш, узбекистон-исроил мутахассислари хамкорлигида илмий-амалий анжуман утказишда
- 2021 йил август-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан АҚШ Холокост ёдгорлик музейида Ўзбекистонга бағишланган бўлимни очиш
бўйича самарали ишларни олиб боришда кўмаклашишга, ушбу ишларни қўллаб-қувватлашини ва амалий ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.
Учрашув якунида иштирокчилар Ўзбекистон Миллий архиви музейи экспонатлари билан танишдилар ҳамда ташкилотчилар томонидан тайёрланган эсдалик совғалари билан тақдирландилар.