Жорий йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алокалари қўмитаси раиси Рустамбек Курбанов ва “Ўзбек-Америка” ватандошлар жамияти раиси Олим Шарипов ўртасида онлайн учрашуви ташкил этилди.
Ушбу учрашув АҚШдаги “Ўзбек-Америка” ватандошлар жамияти ўртасида англашув меморандумини имзолаш ҳамда келгусида икки ташкилот ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Онлайн учрашув давомида Қўмита раиси Р.Курбанов Қўмитанинг мақсад ва вазифалари ҳамда фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. Р.Қурбанов ушбу учрашув “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг V.5.2. бандида кўрсатилган вазифаларни ижросини таъминлашга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятли эканлигини қайд этиб ўтди.
Қўмита ва Жамият ҳамкорлиги натижасида ўтган йиллар давомида АҚШдаги ватандошлар фарзандлари ва Ўзбекистон мактаб ўқувчилари ўртасида иншолар танловининг ўтказилиши (2018 йил, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари бир қанча мактаб ўқувчилари ўртасида), 2019 йилда Ўзбекистон делегациясининг АҚШга хизмат сафари чоғида Чикаго шаҳридаги “Ўзбек-Америка” жамияти маркази фаолияти билан учрашилгани, 2019 йилда АҚШдаги ватандошларнинг 20 га яқин фарзандлари учун “Ёшлик” оромгоҳида 2 ҳафталик лагер ташкил этилди ҳамда биргаликда 10 га яқин онлайн учрашувлар ўтказилиб келинганлиги қайд этиб ўтилди.
Якунланиб бораётган 2020 йил бутун дунёда ҳали ҳануз давом этаётган коронавирус пандемияси сабабли кўплаб режалаштирган ишларга тўсқинлик қилгани, шундай оғир шароитда “Ўзбек-Америка” жамияти томонидан амалга оширилган кўплаб ҳайрия ишларини Қўмита раҳбарияти кузатиб боргани ҳамда биргаликда иштирок этгани, яқинлашиб келаётган 2021 йилда ҳам афсуски пандемияга мослашган ҳолатда ҳамкорликда иш олиб боришга тўғри келиши мумкинлиги таъкидланди.
Қўмита 2021 йилда Жамият билан ҳамкорликда ўзбек миллий байрамлари, турли семинар ва конференциялар, ёш ватандошларимиз учун ёзги оромгоҳ ташкил этиш истиқболларини кўриб чиқаётгани маълум қилинди.
АҚШдаги “Ўзбек-Америка” ватандошлар жамияти раиси Олим Шарипов Жамиятнинг мақсад ва вазифалари, фаолияти ҳамда у томонидан ташкил этилиб келинаётган тадбирлар ва лойиҳалар ҳақида маълумот бериб ўтди. О.Шарипов Қўмита билан ҳамкорликда келажакда самарали ҳамкорлик олиб бориш ниятида эканлигини билдирди.
Учрашув якунида Қўмита ва АҚШдаги “Ўзбек-Америка” ватандошлар жамияти ўртасида англашув меморандуми имзоланиб, томонларнинг ўзаро биргаликда ишлар олиб бориш масалаларида кўмаклашиш ва ҳамкорлик қилишга келишилди.
Шунингдек, онлайн учрашув давомида қуйидаги таклифлар билдирилди:
— Хориждаги ватандошлар фарзандлари Ўзбекистонга ташрифларини мунтазам ташкиллаштириш;
— Хориждаги ватандошлар ташкилотларига ўзбек тилида китоблар етказиб бериш;
— 2021 йил ватандошлар билан АҚШда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик байрамини кенг нишонлаш.
Тадбир қўмита сайти ва ОАВда кенг ёритилди.