2020 йил glavnaya Популярные новости

Ўзбек тили – аждодларимиз хотирасининг тимсоли

Ҳар бир миллат ёки халқ тақдирида тил катта рол ўйнайди. Образли қилиб айтганда, тил – миллат томиридир! Шу маънода ўзбек тилини халқимизнинг миллий қўрғони, аждодларимиз хотирасининг тимсоли десак бўлади. Президентимизнинг 2020 йилнинг 10 апрелдаги “Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида”ги қарорига биноан 21-октябрь “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланиши аждодлар хотирасига юксак эҳтиром бўлди.

Бу йил ҳам “Ўзбек тили байрами куни” ни кенг миқёсда нишонлаш тадоригида турибмиз. Мамлакатимиздаги ўзбек тили ва адабиёти фанларига ихтисослашган Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида она тилимиз равнақига ҳисса қўшадиган ўғил-қизларимиз тарбия топаётганидан ҳар бир миллатдошимиз мамнун эканлиги барчамизга аён.

Бу – она тилимизга давлат сиёсати даражасида қаралишига бир далил!

Бундан ташқари, ўзбек тилининг тараққиёти борасида давлатимиз раҳбари ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотлари масъул эканлигини, бу борада қилинажак ишлар бисёр эканлигини бир неча бор таъкидлаб ўтди.

Шу боис, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси томонидан 2020 йил 18 майда“Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфидаги ташкилот ва муассасаларда давлат тилида иш юритиш қоидалари” тасдиқланди.

Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган қонун ва қонуности ҳужжатлари, йиғилиш қарорлари, дастурлар ва “йўл харита”лари ижросига доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.Таркибий тузилмаларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича масъуллар белгиланди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимларининг А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ўқув курсларида иштирок этиши йўлга қўйилди.Муқаддам қабул қилинган рус тилидаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар саноқдан ўтказилиб, уларни янги таҳрирда давлат тилида қабул қилиш ишлари бошланди. Шунингдек, қўмита тасарруфида фаолият юритаётган олий таълим муассасаси, илмий тадқиқот институтлари ва техникумларда дарсликлар, илмий адабиётлар таҳлил этилиб, ўзбек тилига таржима қилинибқайта чоп этилиши йўлга қўйилди. Дейлик, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида қўмитада 295 та ички-идоравий ҳужжатлар, шунингдек, 23 та қарор (1 та қўшма қарор, 8 та қўмита қарори, 14 та инспекторлик қарори)ҳамда272 та(59 та ишлаб чиқариш, 87 шахсий таркиб, 79 та хизмат сафари, 47 та меҳнат таътиллари) буйруқларнинг барчаси давлат тилида ёзилиши таъминланди.

Бундан ташқари,қўмита тизимида ҳамкорлик доирасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларга ёзишмаларни қатъий равишда чет тилидаги расмий таржимасини илова қилган ҳолда давлат тилида амалга ошириш амалиёти йўлга қўйилди.

Шунингдек, тизимдаги фаолият юритадиган олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтларида олиб борилаётган илмий лойиҳалар ва илмий тадқиқот ишлари, чоп этиладиган илмий мақолаларнинг ўзбек тилида нашр этилиши, диссертация ҳимояларининг ўзбек тилида олиб борилиши қатъий талаб асосида амалга оширилмоқда.

Айни пайтда молия-иқтисодиёт, бухгалтерия ва хўжалик юритиш соҳасида қўлланилаётган расмий ёзишмалар, ҳисоботлар, ҳужжатлар шакллари, шунингдек, фойдаланишдаги хорижий тиллардан кириб келган атама ва махсус ибораларни тўлиқ давлат тилига ўгириш чоралари кўрилмоқда.

Жаҳонгир ТУРСАГАТОВ,
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш 
давлат қўмитаси раисининг давлат тили тўғрисидаги 
қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси.