Тадбирда Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги консули Улуғбек Аҳмедов ва узоқ йиллар Ўзбекистонда ўзбек оилаларида яшаб, ўзбек тили ва маданиятини ўрганган, Америкадаги ўзбеклар орасида таниқли, асли америкалик жаноб K. Стокелд самимий тилакларини билдирди.
«Кўпчилик мендан нимага бошқа тилни ўрганмайсан, масалан, рус тилини, ахир рус тилида кўпчилик билан мулоқот қилишинг мумкин дейди. Менга эса ўзбек маданияти ёқади. Ўзбек тилини ўрганмай бу шарқона маданиятдан баҳра олиб бўлмайди», дейди K. Стокелд.
Тадбирда сўзга чиққан “ZiyoArt“ мактабининг ўзбек тили ўқитувчиси Нурхон Нурмуҳаммедова байрам билан табриклаш баробарида, ўзбек тилимизда учраётган муаммолар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
– Баъзи ўқувчиларимиз мактабимизга келганида ўзбекча сўзларни ҳатто талаффуз қилишга ҳам қийналарди. Мана бугун улар қатор мақоллар-у иборалар ёд олиб, шеърларни ҳатто ифодали қилиб ўқиб беришаяпти, –деди Нурхон Нурмуҳаммедовна.
“Она тилим қалбим қуёши“ номли тадбирнинг энг завқли дақиқалари мактаб ўқувчилари ва жамият аъзолари бўлган болажонларнинг чиқишлари билан давом этди.
Тадбир давомида бугунги кунда тилимизнинг шаклланишидаги муаммолар, гапиришда тил меъёрларига риоя қилмай, чет сўзларни қўшиб, бузиб гапириш ҳолатлари акс эттирилган ва унинг хунук оқибати, бундан ўринли хулоса чиқаришга қаратилган саҳна кўриниши ҳам болажонлар томонидан маҳоратли ижро этилди.
Тадбир сўнггида “ZiyoArt“ мактабининг рақс тўгараги аъзолари ижро этган ўзбек миллий рақси меҳмонлар томонидан ҳам илиқ кутиб олинди.