Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Республика Туркман маданият марказининг Туркманистон мустақиллигининг 28 йиллиги ва 16 ноябрь халқаро бағрикенгли кунига бағишланган “Ўзбек – Туркман ўртасида дўстлик — биродарлик тараққиётининг янги босқичлари” мавзусида маданий – маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари, миллий маданий марказлар раислари, таниқли санъат арбоблари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Курбанов барча тадбир иштирокчиларини қизғин қутлаб, юртимизда тинчлик, осойишталик муҳитини сақлаб авайлашда барча миллий маданий марказларнинг ўрни катта эканини таъкидлаб, бу ўринда туркман миллатига мансуб ватандошларимизнинг қилаётган саъйи ҳаракатларига юқори баҳо берди. Бунда давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро яқин биродарлик алоқаларига алоҳида урғу берди.
Юртимизда туркман тилида мактаблар ва олий таълим юртлари мавжудлиги, Ўзбекистон телевидениесида туркман тилида кўрсатувлар ташкил қилинганлиги, газеталар чоп этилиши икки давлат халқларини тинч-тотув ва аҳилликда яшашига имкон яратади деди. У шунингдек, куни кеча катта муваффақият билан ўтказилган бағрикенглик ҳафталигида туркман миллий маданий марказнинг вилоят бўлимларидан келган иштирокчилари байрамга алоҳида кайфият бағишлаганлигини таъкидлаб, миннатдорчилик билдирди.
Тошкент шаҳар туркман миллий маданий маркази раиси Бибисора Раджабова тадбир иштирокчиларини қизғин қутлаб, шундай деди: “Бугун ўзбек ва туркман халқларининг дўстлиги ҳақида сўз юритар эканмиз, бу икки халқ минг йиллар давомида дўст ва биродар, қўни-қўшни, қуда-анда бўлиб, бир дарёдан сув ичиб яшаб келишган. Хозирги вақтда бу дўстлик халқаро иқтисодий алоқалар билан мустаҳкам боғланган. Бунга икки давлат Президентларининг келишган ҳолда олиб бораётган дўстона муносабатлари мисолдир. Тошкент шаҳрида барпо этилган “Ашхобод” дам олиш боғи худди Ашхободнинг бир бўлагини Тошкентга кўчириб келгандек тасаввур қиламиз. Ҳаммамизга маълумки, бизнинг жонажон, жаннатмакон, бағрикенг Ўзбекистонимизда 130дан ортиқ миллатлар истиқомат қилиб келишади. Уларнинг ҳаммаси бир ёқадан бош чиқариб, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган шиор остида яшаб келишади. Бунга муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳамма миллатлар учун дини, урф-одатлари, тарихларини эсдан чиқармаслиги учун яратган шароитлари ва Қўмита бошчилигида олиб борилаётан ишларга миллий маданий марказларнинг қўшган катта улушидир. Қайси миллат бўлишидан қатъи назар, ўша миллатнинг урф-одатини, миллийлигини яқиндан ўрганганимизда ўша миллат билан дўст, бирордар, қариндошдек бир биримизни тушуниб яшаймиз. Бир бирини тушуниб яшаган инсонлар эса халқимиз ичида ўзини бахтли ҳисоблайди. Бизнинг бу дўстона муносабатларимизга бошқа давлат халқларининг хавас қилишига гувоҳ бўлганмиз. Мана шундай бир биримизга бўлган меҳримиз асрлар оша давом этаверсин”.
Тадбирда Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов ва концерт жамоалари ижросида ўзбек, туркман тилларида қўшиқлар, рақслар ижро этилди, байрамга келган меҳмонларга яхши кайфият улашилди.