Жорий йилнинг 1 февраль куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Туркманистон дўстлик алоқалари” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Қўмита, Республика Туркман маданият маркази ҳамда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистон ва Туркманистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган дўстлик анжуманининг мақсади — ўзбек-туркман халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, кўп асрлик тарихий-маданий алоқалар боғлаб турган мамлакатларимизнинг яхши қўшничиликка асосланган ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш орқали халқларимизнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ҳар томонлама ривожлантиришдан иборатдир.
Маданий-маърифий тадбирда Қўмита мутасадди ходимлари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари, миллий маданий марказлар раислари, таниқли санъат арбоблари, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ташриф буюрган меҳмонлар учун Туркманистон халқ миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси ва туркман миллий таомлари намойиш этилди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Курбанов барча тадбир иштирокчиларини қизғин қутлаб, юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда барча миллий маданий марказларнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлаб, айниқса туркман миллатига мансуб ватандошларимизнинг жамиятда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди. Бунда давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган муносабатлари натижасида охирги йиллар кўп асрлик алоқалар тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлгани, илм-фан ва маданият соҳаларини ривожлантириш, қардош ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, аждодлар маънавий мероси кенг ўрганиш фаоллашганлигига эътиборни қаратди. Юртимизда туркман тилида таълим берувчи умумтаълим мактаблари фаолият юритаётганлиги, туркман тилида Ўзбекистон миллий телевидениесида кўрсатувлар эфирга узатилиши ва газеталар чоп этилиши ўзбек-туркман халқларининг тинч-тотув ва аҳилликда яшашига катта имкониятлар яратиши таъкидланди.
Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Язгул Мамедов сўзга чиқиб, барча тадбир қатнашчиларини жорий йилда кенг нишонланадиган икки давлат мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий табриклади.
“Бугун Туркманистон ва Ўзбекистон алоқалари жадал суръатда ривожланаётганини мамнуният ила қайд этишни истар эдим. Бунда эса икки давлат раҳбарлари ўртасидаги самимий дўстлик, ишонч ва ўзаро хайрихоҳлик муҳим аҳамиятга эгадир. Олий даражадаги учрашувларнинг мунтазамлик касб этгани давлатлараро алоқалар изчил ривожланаётганидан далолат беради. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир учрашуви ўзаро манфаатли, сермаҳсул ва фаол мулоқотнинг мантиқий давоми саналади”, – деди элчи Язгул Маммедов.
Маданий-маърифий тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ва маданияти муштарак, урф-одат ва анъаналари ўхшашлиги, аждодларимизнинг илмий-ижодий мероси халқларимизнинг умумий мулкига айланганлиги, ўзаро маданий-гуманитар алоқалар фаоллашгани мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликка асос бўлаётганлигини қайд этдилар.
Тошкент шаҳрида кўркам “Ашхобод” боғининг очилгани, пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бирига туркман халқининг буюк шоири ва мутафаккири Маҳтумқули Фироғий номи берилгани, Хоразмда “Улли Ҳовли” Ўзбекистон-Туркманистон туризм мажмуаси ташкил этилгани халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганига ёрқин мисолдир.
Тадбирда ўзбек ва туркман куй-қўшиқлари билан бирга рус, корейс, татар, қозоқ, уйғур миллий маданий марказлари қошидаги ҳаваскор гуруҳлар ва фольклор жамоаларнинг бадиий чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.