Ўзбекистоннинг Москвадаги Бош консули Валижон Ниёзхўжаев Москва вилоятининг Сахарово аҳоли пунктида жойлашган Кўп функцияли миграция марказида бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, ташриф доирасида марказ бош директори Сергей Балдин ва унинг ўринбосари билан учрашув ташкил этилди.
Мулоқот давомида ўзаро манфаатли масалалар бўйича маълумотлар алмашинуви бўлиб ўтди. Меҳнат муҳожирларининг ишлаши учун патент ва рухсатномалар олиш, кўрсатиладиган хизматларнинг нархи, шунингдек, Россиянинг рухсат бериш ҳужжатларини олишга тўсқинлик қиладиган асосий сабаблар ҳақида сўз юритилди.
Элчихона консуллик бўлими ходимлари марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, чет эл фуқаролари томонидан ҳужжат тақдим этиш, патент олиш ва бошқа жараёнларни бевосита кузатди.
Учрашув натижасида консуллик бўлими ва Сахароводаги марказ ўртасида доимий алоқа ўрнатиш тўғрисида келишувга эришилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу марказ делегацияси 2020 йил декабрь ойида имзоланган меморандум доирасида 2021 йил январь ойида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари билан Ўзбекистон фуқароларини уюшган ҳолда қонуний ишга ёллаш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Тошкент шаҳрида бўлган эди.