2020 год glavnaya Популярные новости Мероприятия

“Ўзбекистон-Греция” ва “Греция-Ўзбекистон” дўстлик жамиятлари ўртасида ўтказилган учрашув

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитасида “Греция-Ўзбекистон” дўстлик жамияти раиси Д.Баколус бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон – Греция ” дўстлик жамияти раиси М.Ашуров меҳмонларни ташриф  билан қутлаб, жамият фаолияти билан таништирди.

“Греция-Ўзбекистон” дўстлик жамияти раиси Д.Баколус самимий қабул ва маълумотлар учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

 

Жамияти раиси Д.Баколус учрашув давомида икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ўз хиссасини қўшишга тайёрлигини маълум қилди. У Ўзбекистондаги меҳмонхоналарни таъмирлаш, мехмонхона хизмати даражасини кўтариш бўйича фикрларини баён этди.

Қўмита бўлим бошлиғи  З.Абидов меҳмонларни Қўмита фаолияти билан батафсил таништирди. Хусусан, 2017 йил 19 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган ушбу Қўмитанинг мақсад ва вазифалари Ўзбекистонда мавжуд 139 та Миллий маданий марказлар, 36 та Дўстлик жамиятлари фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, хорижий мамлакатлардаги турдош жамиятлар ва Ўзбекистонлик ватандошлар жамиятлари билан узвий ҳамкорликдан иборат эканлигини, иш фаолияти ва ички тузилмаси ҳақида маълумот бериб ўтди.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк кунларидан жаҳон ҳамжамияти билан амалий, ўзаро манфаатли муносабатларини шакллантириш, минтақада хавфсизликни таъминлашни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб берганлиги таъкидлаб ўтилди.

 

У Ўзбекистон ва Греция бир неча ўн йиллардан буён дўстлик ришталари билан боғланганлиги, бу борада Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган “Ўзбекистон — Греция” дўстлик жамиятининг хизматлари катта эканлиги, жамият Ўзбекистон ва Грециянинг миллий байрамлари ва муҳим саналарига бағишланган кўплаб тадбирларни ташкил этишда иштирок этиши, конкурслар, концертлар, бадиий ва фото кўргазмалар уюштириб келаётганлигини қайд этиб ўтди.

 

Мажлис қатнашчилари дўстлик жамиятлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдиришди

Суҳбат давомида икки давлат  ўртасидаги ўзаро алоқаларини турли соҳаларда янада ривожлантириш масалалари, ижтимоий-сиёсий, маданий, иқтисодий ва туризм соҳаларида ҳамкорликлар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув конструктив руҳда ўтди ва томонлар келгусида ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олишди.