2020 йил glavnaya Популярные новости

Ўзбекистон элчихонаси консуллик бўлими томонидан Кёнджу шаҳрида меҳнат мигрантлари ва талабалар учун сайёр қабул ўтказилди

Мамлакатимизнинг  Жанубий Кореядаги элчихонаси консуллик бўлими Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжу шаҳридаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Кёнджу шаҳрида ушбу давлатда ишлаш ва ўқиш мақсадида бўлиб турган ватандошларимиз билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси хабарига кўра, учрашувда ватандошларга консуллик хизматларини  кўрсатилди, мигрант ишчилар фаолияти билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал қилиш юзасидан маслаҳатлар берилди, шунингдек, миграция ва ҳуқуқий масалалар бўйича қабул ташкил этилди.

Тадбирда мутахассислар юртдошларимизнинг консуллик-ҳуқуқий масалаларга оид мурожаатларини кўриб чиқди. Шунингдек, иштирокчиларнинг пандемия шароити туфайли вужудга келган муаммолари, «Е-9» визаси бор ишчиларнинг ва талабаларнинг таътилдан сўнг Жанубий Кореяга кириб келиши, хорижга чиқиш биометрик паспорти олиш тартиби ва бошқа мавзулардаги саволларига батафсил жавоб берилди.

Мулоқотда юртдошларимизга Жанубий Кореяда бўлган вақтда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий ечимлари тўғрисида маълумот берилиб, улар Корея Республикасида яшаш ва ишлаш тартиб-қоидаларига қатъий риоя этишга чақирилди.