2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Ўзбекистон элчихонаси Малайзия компанияси вакиллари билан инвестициявий лойиҳа амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 6 октябрь.  Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси «ScentPur Industry» компанияси директори Денни Тан билан музокаралар ўтказди.

Тадбир доирасида Ўзбекистонда Малайзия билан ҳамкорликда ўзаро манфаатли сармоявий лойиҳа амага ошириш масаласи муҳокама қилинди.

2000 йилда ташкил этилган «ScentPur Industry» компанияси антибактериал гигиена воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания маҳсулотлари дунёнинг 30 мамлакати, жумладан, Жануби-Шарқий ва Шарқий Осиё, Форс кўрфази ҳамда Европа давлатларига экспорт қилинади.

Малайзия томонининг маълумотига кўра, компания маҳсулотлари тегишли халқаро сертификатлар, шу жумладан Европа сертификатларига эга.

Денни Тан коронавирус пандемияси даврида талаб юқори бўлган ушбу маҳсулотларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва келажакда уларни МДҲ давлатларига экспорт қилишга қизиқиш билдирди.

Шунингдек, «ScentPur Industry» компанияси вакиллари инвестициявий лойиҳани амалга ошириш шартлари ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича логистика инфратузилмасини таҳлил қилиш зарурлигини қайд этди. Музокаралар натижасида Малайзия томонининг Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан гигиена воситаларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш имкониятини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.