Жорий йилнинг 15-18 декабрь кунлари Тошкентда анъанавий халқаро Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” мавзусидаги IV Халқаро конгресс бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон маданий меросининг қадр-қимматини дунё миқёсидаги тарғиботига бағишланган мазкур халқаро анжуманда юртимиз тарихи ва бебаҳо хазинасига бефарқ бўлмаган юзлаб олимларни бир майдонда бирлаштирди. Хусусан, Конгресс ишида расмий доиралар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, элчилар, дунёнинг 40 тадан ортиқ мамлакатидан 300 нафардан ортиқ таниқли хорижлик олимлар, шунингдек 1000 нафарга яқин маҳаллий олимлар ва юртдошларимиз қатнашмоқдалар.
Ёшлар ижод саройида 15 декабрь куни бўлиб ўтган Ҳафталикнинг расмий очилиш маросимида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев ҳам иштирок этди.
“Ўзбекистон маданий мероси: тамаддунлар ва ренессансларнинг ўзаро таъсири” мавзусидаги Конгресснинг биринчи кунида маърузачилар “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” шахдам одимлаб бораётган Ўзбекистонда сўнгги йилларда илм-фан, маданият ва санъат, таълим ва инновациялар соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда маънавий-маърифий янгиланишларнинг муҳим ўрнига алоҳида эътибор қаратдилар.
Конгресс иши доирасида мамлакатимиз маданий меросини оммалаштириш самарали фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ҳамда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси фаолияти тақдимоти ўтказилди.
Халқаро доирадаги илмий тадбир давом этмоқда.