Мактабгача таълим вазири Агриппина Шинга «Дипломатик хизматлари учун ордени» топширишнинг расмий маросими 10 ноябрь куни бўлиб ўтди. Ушбу орденни бериш тўғрисидаги фармонни Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин имзолаган, дея хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.
Аргиппина Шин маросимда Жанубий Корея кўп йиллар давомида ҳақли равишда Ўзбекистоннинг асосий шерикларидан бири, йирик сармоядор, мамлакат иқтисодиётини таркибий ўзгартириш ва модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган дастурларнинг иштирокчиси сифатида қаралаётганини таъкидлади.
Қайд этилишича, 2018 йилда Пучон университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ўз фаолиятини бошлайди. Мактабгача таълим факультетида ҳозирги кунда 892 нафар талаба Пучон университети ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ таҳсил олмоқда.
Hyundai Engineering аnd Construction кўмаги билан 2019 йилда Нукус шаҳридаги «Имкон» реабилитация маркази билан кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасини қуриш бўйича ноёб лойиҳа амалга оширилди.
Шу билан бирга, Кореянинг New Мillenium Construction Cо., Ltd. компанияси Тошкент шаҳридаги 324-сонли экспериментал мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш бўйича ишлар олиб борилди, шу асосда таълимнинг корейс модели намойиш этилди.
Ўзбекистондаги Booyoung Group ва АHА компаниялари мактабгача таълим ташкилотларини жиҳозлаш учун моддий-техник воситаларни бепул топширди. Booyoung гуруҳидан 2000 та рақамли пианино бутун мамлакат болалар боғчаларига етказиб берилди.
«Биродар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Жанубий Корея президентининг энг юқори мукофоти билан тақдирланиш мен учун катта шарафдир. Ушбу орден менинг келажакдаги ишимда яна бир рағбат бўлади.
Мен ҳар икки мамлакат равнақи учун Ўзбекистон–Корея муносабатларининг кенгайишига яна-да кўмаклашишга тайёрман», – деди вазир ўз нутқини якунлаб.
Маълумот учун, «Давлатлараро дипломатик хизматлари учун» ордени 1963 йил 25 июлда мамлакат фуқароларини ва чет элликларни дипломатик соҳадаги хизматлари учун, шунингдек, чет элда миллий обрўсини оширганлиги, халқаро ҳамкорлик ва дўстликка ёрдам берганлиги учун мукофотлаш мақсадида таъсис этилган.
Аввалроқ Ўзбекистондаги боғчаларда хитой тилини ўрганиш жорий қилиниши ҳақида хабар берилганди.