Ўзбекистон мусулмонлари идораси Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан қилинган карикатура суратлари ва улар билан боғлиқ баёнотлар сабабли юзага келган баҳсларга муносабат билдирди.
«Айни шу кунларда айрим босма нашрларда, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан номуносиб, ҳақоратомуз карикатура чоп этилиши ва унинг ортидан келиб чиққан турли кўнгилсиз ҳолатлар айрим баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар ҳамда нотўғри хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётини қўзғаш, фитна чиқариш ва диний қадриятлар, муқаддасотларга нисбатан ҳақоратни ифодаловчи ҳар қандай ҳолатни жиддий қоралашини ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаъни мўмин-мусулмонлар учун энг олий қадрият эканини қатъий таъкидлайди», — дейилади идора муносабатида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу каби муносабатларни халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна ҳамда одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳолайди.
Таъкидлаш керакки, ким бўлишидан қатъий назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин ёки мусулмонлар ё ислом динига тош отмасин бу билан динимизга ёки мусулмонларга заррача ҳам зиён етказа олмайди.
Шунингдек, идора томонидан таъкидланишича, ушбу ҳолатга нисбатан ўзбекистонликларнинг турли муносабат билдирмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси бундай ҳолатда ҳиссиётга берилмасдан, ҳақоратлардан тийилишга ва муаммонинг яхши ечимини излашга чақирган.
«Аслида, бу каби фитналар мусулмонларни ёмон отлиқ қилиш ёки бир юртда турли дин вакилларининг эмин-эркинликда, ўз динларига бемалол амал қилиб, тинч ва осойишталикда, ўзаро бағрикенгликда яшаётганини кўра олмаётган ғаразли кучлар томонидан уюштирилаётганини ёддан чиқармаслик зарур», — дейилади хабарда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ислом динини террор билан ёнма-ён қўядиган айрим кишиларга Миср бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратларининг қуйидаги сўзларини келтирган: «Исломни терроризм деб аташ ушбу соф дин ҳақида ҳеч нарса билмасликни англатади. Яна бу иш ўзгалар эътиқодига ҳурматсизликни ифодаловчи мулоҳазасизликдир. Адоват ва зўравонликка очиқ чақирув, ўрта асрлар ваҳшийлигига қайтиш ва икки миллиардга яқин мусулмонларнинг туйғуларини қўзғатувчи фитнадир».
Идора муносабатида ушбу ҳолатлар ҳақида кенг фикр қилиб, чуқур мушоҳада юритишга, ҳиссиёт билан эмас, тафаккур билан иш тутишга чақирилган. «Дин душманлари фитнасига замин яратиб, вазият янада кескин тус олишига сабабчи бўлиб қолмайлик. Бу бўлаётган ишлар ҳаммаси фитна, ғанимлар томонидан режали амалга оширилмоқда, бундай вазиятда ўйлаб иш тутиш керак. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ардоқлаш тажовузкорона хатти-ҳаракатлар билан эмас, балки ақл ила бўлади», — дейилади муносабатда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хулоса қилишича, мусулмон киши ҳадисларда келтирилганидек, доимо ҳушёр, зийрак бўлиши, атрофда содир бўлаётган ҳар хил фитна ва қалтис жараёнларга теран назар билан боқиши лозим. Бундай ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки Пайғамбар алайҳиссаломга хос босиқлик ва зукколик билан муносабат билдириш керак.
Эслатиб ўтамиз, Францияда тарих фани ўқитувчиси ўқувчиларга Cherlie Hebdo нашри томонидан чоп этилган Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатура суратини кўрсатган. Шундан сўнг ўқитувчи чеченистонлик муҳожир томонидан ўлдирилган. Бу воқеа Францияда кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. Ўлдирилган ўқитувчи билан видолашиш маросимида Франция президенти Эммануэль Макрон мамлакат сўз эркинлигидан, жумладан карикатура борасидаги эркинликдан воз кечмаслигини маълум қилган. Франция президентининг мазкур баёноти ортидан Яқин Шарқдаги баъзи мамлакатларда Францияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни бойкот қилиш бошланди.