2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг асосий йўналишлари БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг асосий йўналишлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча расмий тилларида – араб, хитой, инглиз, француз, рус ва испан тилларида чоп этилди ҳамда Ташкилот Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳужжатда Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлари, республикамизда иқтисодиётнинг барча тармоқларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва яқин истиқболдаги долзарб вазифалар ўз ифодасини топган.

Ўтган йил мамлакатни барқарор ривожлантириш соҳасидаги асосий вазифалар ижроси глобал коронавирус пандемиясига қарши курашиш билан бир вақтда таъминлангани қайд этилган. Пандемиянинг дастлабки кунлариданоқ бошқарув тизими ва тиббиёт муассасалари фавқулодда ҳолатга келтирилган. Қисқа вақт ичида республикада қарийб 30 минг ўринли тиббий масканлар ташкил этилиб, тиббиёт муассасалари зарур дори-дармонлар, замонавий ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминланган.

Пандемияга қарши курашга 200 мингдан ортиқ тиббиёт ходими, шунингдек, 150 нафар хорижлик юқори малакали шифокор ва мутахассис жалб этилганига эътибор қаратилган. Хорижда бўлиб турган 600 мингдан ортиқ юртдошимизни мамлакатга қайтариб олиб келиш ташкил этилган. Чет давлатларда оғир шароитга тушиб қолган 100 минг нафарга яқин ватандошга ёрдам кўрсатилган.

Давлат томонидан пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш бўйича 82 триллион сўмлик кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, коронавирусга қарши курашиш чора-тадбирлари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан 16 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинган 2020 йилда кам таъминланган оилалар, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш, таълим ва бошқа зарур хизматларни кўрсатиш бўйича мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилгани алоҳида урғуланган.

Бундан ташқари, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, жумладан, жиноий жазолар тизимини либераллаштириш жараёни изчил давом эттирилди. Натижада судланувчиларнинг 74 фоизига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилган. Жазо ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 616 нафар фуқаро афв этилган. Судлар мустақиллигини таъминлаш натижасида 719 нафар фуқаро оқланган. Бу борада Ўзбекистон томонидан амалга оширилган “Меҳр-3” гуманитар операцияси ҳам қайд этилиб, бунинг натижасида, асосан, аёллар ва болалардан иборат бўлган яна 98 нафар юртдошимиз Суриядан мамлакатга қайтарилгани маълум этилган.

Ҳужжатда, шунингдек, республика раҳбариятининг БМТ доирасида катта қизиқиш билан қабул қилинган ва халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган муҳим глобал ташаббуслари ҳақида ҳам маълумот берилган. Хусусан, тарихда илк бор Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси этиб сайланганига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистонда 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани айтилиб, ҳукумат томонидан мамлакатни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муҳим қадамлар белгилангани таъкидланади.

Хусусан, жорий йилда мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирига келиб эса 75 фоизга етказиш режалаштирилган. Олис қишлоқларда мактабгача таълимнинг муқобил шаклларидан фойдаланиш кенгайтирилади. ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун уй шароитида мактабгача таълим модели ишга туширилади.

Мамлакатда 10 та Президент мактаби, 197 та кимё, биология, математика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактаб фаолият кўрсата бошлайди. Олий таълим учун давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 100 нафар йигит-қиз илк бор бошқа давлатлардаги бакалавриат йўналишлари бўйича ўқишга юборилишига эътибор қаратилган.

Камбаҳалликни бартараф этиш йўналишида комплекс ёндашувлар ва янгича ностандарт усуллар жорий этилиши алоҳида таъкидланган. 2021 йил 1 мартдан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилинади. Қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи оилаларга ҳар бир туманнинг имкониятлари ва ихтисослашувига қараб 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдони ажратилади.

Бундан ташқари, ҳужжатда 2021 йилда ўтказиши режалаштирилаётган муҳим халқаро тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилган. Хусусан, Марказий Осиё минтақасининг Жанубий Осиё билан ўзаро ҳамкорлигига доир юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форум, БМТ шафелигида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” анжумани, ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон ёшлар учрашуви ва диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий конференция ташкил этилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, Ўзбекистон раҳбарияти 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури ва инқироз ҳолатлари кескинлашувининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистоннинг пандемиядан кейинги тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб бормоқда.