Жорий йилнинг 5 февраль куни «Тараққиёт стратегияси» маркази ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитас, Адлия вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномаси: Ҳаракатлар стратегиясининг тўрт йиллик самарадорлиги ва 2021 йилга мўлжалланган устувор вазифалар» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.
Анжуманда давлат бошқаруви органлари, ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар элчилари, экспертлар, мутахассислар, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Форумни «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков очди ва олиб борди. У ўз сўзида Ўзбекистон бугунги жаҳон ҳамжамияти учун синовли бўлган пандемия даврида ҳам жадал тараққий этаётгани, иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатларига эришаётгани, энг асосийси, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш борасида бир қатор ҳаётий ташаббусларнинг амалга оширилиши натижасида фуқароларнинг турмуш фаровонлиги юксалаётган мамлакат сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини қайд этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Президент Мурожаатномасининг устувор жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев “Миллатлараро тотувликни таъминлашдаги ислоҳотлар ва келгусидаги вазифалар” мавзусидаги маърузасида 2017–2020 йилларда Қўмита ҳамкорлигида Миллий маданий марказлар иштирокида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди. Республика миқёсида ўтган давр мобайнида 7 912 та тадбир ўтказилди. Шулардан 351 таси илмий-амалий конференция ва семинар, 1 710 таси давра суҳбати, 1 108 таси кўргазма, 2 735 таси мусиқий-бадиий кеча ва концертлар, 1 982 таси учрашув, 14 та форум, 12 та халқаро конференциялар ўтказилганлигини таъкидлаб ўтди.
Миллатлараро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича Қўмита ходимлари томонидан 23 та концептуал ҳужжат лойиҳаси тайёрланган ва хусусан, 2020 йилда 1 та Қонун, 4 та Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганини қайд этди. У шунингдек, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш соҳасида 2021 йилга мўлжалланган асосий вазифалар ҳақида ахборот берди.
Форумда иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари – Бирлашган миллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер, Элчи, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон МакГрегор, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ва бошқалар ўз чиқишларида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парламент ҳамда халққа йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар замонавий халқаро тамойиллар билан ҳамоҳанг эканига эътибор қаратишди.
Форумда сўзга чиққанлар томонидан «Ҳаракатлар стратегияси» бугунги глобаллашув шароитида жаҳонда туб ўзгаришлар кечаётган мураккаб бир вазиятда, Ўзбекистон учун сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг энг муҳим беш устувор йўналишини амалга оширишнинг яқин истиқболга мўлжалланган муҳим миллий стратегик ҳужжати эканлиги таъкидланди. Мазкур ҳужжат мамлакатда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва ҳимоялаш, энг асосийси, халқни рози қилиш ва аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш йўлида устувор аҳамият касб этиб келмоқда.
Очиқ ва конструктив руҳда бўлиб ўтган халқаро форумда ҳар бир маърузадан сўнг қизғин муҳокамалар ўтказилди. Анжуман давомида хорижий ва маҳаллий экспертлар ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашишди.