2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Ўзбекистон вакиллари Ҳуқуқ ва дин бўйича 27-халқаро симпозиумда иштирок этди

АҚШнинг Бригам Янг университети ҳузуридаги Ҳуқуқий ва диний тадқиқотлар халқаро маркази томонидан 4-6 октябрь кунлари Ҳуқуқ ва дин бўйича 27-халқаро симпозиум ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Ресрубликаси Миллий маркази матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, ушбу симпозиум АҚШнинг диний эркинликларни таъминлаш масалалари муҳокама этиладиган асосий халқаро илмий-академик майдончаси ҳисобланади.
Анжуманда Ғарбий ва Шарқий Европа, Марказий ва Жанубий Осиё, Австралия ва Янги Зеландия, Жанубий ва Шимолий Америка, шунингдек, Африка минтақаларининг 50 та мамлакатидан жамоат, сиёсат ва дин арбоблари, олимлар, нодавлат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Симпозиум ишига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари ҳам таклиф этилди.
Мавзулар бўйича шўъба мажлисларида диний эркинликларни таъминлаш масалалари давлатлар ва диний ҳамжамиятларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама қилинди.
Форум иштирокчилари, шунингдек, дин ва давлат ўртасидаги муносабатлар, виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқи таъминланишининг давлат томонидан тартибга солиниши, инсонни диний омиллар важи билан таъқиб қилишга йўл қўймаслик ҳамда ушбу жараёнда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг роли хусусида ўзаро фикр алмашдилар. Бундан ташқари, турли ижтимоий-сиёсий тузумга эга мамлакатларда виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини таъминлаш амалиёти кўриб чиқилди.
Симпозиум кун тартибига кўра, Марказий Осиёда виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқи таъминланиши мавзуси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.
А.Саидов минтақамиздаги виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқига доир ҳолат ҳақида гапириб, хусусан, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида катта тажриба тўпланганига форум иштирокчилари эътиборини қаратди.
Мамлакатда виждон эркинлиги ва диний эътиқод соҳасидаги ҳуқуқларни таъминлаш масалаларини тартибга соладиган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳуқуқни қўллаш борасида тегишли ижобий амалиёт ҳам шаклланган. Яқинда янги таҳрирда тайёрланган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бунга яққол мисолдир.
Қонун лойиҳасида, бир томондан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва бошқа халқаро ҳужжатларда ўрнатилган талаблар, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг, Инсонийлик мезонлари бўйича ЕХҲТнинг тавсиялари ўз аксини топган. Иккинчи томондан, лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида халқимизнинг кўп асрлик тарихи, диний қадриятлари ва бугунги кун воқелиги ҳам инобатга олинган.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун Қонунчилик палатаси сайтига жойлаштирилгач, фуқаролар, айниқса, диний жамоатлар, шу жумладан, ноисломий диний ташкилотлар вакиллари томонидан қизғин муҳокама қилинди. Натижада Қонунчилик палатасига мазкур лойиҳа юзасидан 500 тадан зиёд таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди.
Қонун лойиҳаси халқаро экспертизадан ҳам ўтказилгани алоҳида қайд этилди. А.Саидов таъбири билан айтганда, қонун лойиҳаси дунёдаги шу соҳанинг кучли экспертлари билан ўзаро муҳокама қилиниши, қонуннинг асл мақсад ва моҳияти, унда яратилаётган имкониятларнинг батафсил тушунтирилиши халқаро экспертлар томонидан ҳуқуқий таҳлил тайёрлаш жараёнига холис ёндашиш имконини берди.
Жумладан, АҚШнинг Халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самюэл Браунбекнинг сўзларига қараганда, ушбу қонун лойиҳасида акс этган маҳбусларни озод қилиш, қонунчиликни либераллаштириш, вояга этмаганларнинг масжидга келишига рухсат бериш, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш каби муҳим нормаларнинг барчаси эътирофга молик ютуқлардир. Шу маънода, АҚШ Давлат департаменти вакили Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун дунё учун диний эркинлик таъминланган эркин жамиятга ўтиш йўлини биринчи бўлиб кўрсатиб бераётганига чин дилдан амин эканини таъкидлагани бежиз эмас.
Ўз навбатида АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси Ўзбекистонни «алоҳида хавотирга молик давлатлар» рўйхатидан чиқарди. Комиссия 2020 йил 28 апрелда эълон қилган ҳисоботида АҚШ Давлат департаментига Ўзбекистонни «махсус кузатувдаги давлатлар» рўйхатига ўтказишни тавсия этган.
БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид қонун лойиҳасида мустаҳкамланган қонунийлик, тенглик ва дунёвийлик тамойилларини мустаҳкамлаш учун лойиҳа қоидаларини Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Дин ва эътиқодга асосланган ҳар қандай муросасизлик ва камситишни йўқ қилиш тўғрисидаги декларация, Работ режаси ва ҳаракатлари нормаларига мослаштиришни таклиф қилганди. Лойиҳани такомиллаштириш жараёнида БМТ вакилининг ушбу таклифлари ҳисобга олинди.
Шунингдек, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Европа Кенгашининг Венеция комиссияси мазкур қонун лойиҳасида виждон эркинлиги ва диний эътиқод соҳасидаги ҳуқуқлар кўлами кенгайганлиги, шунингдек, давлатнинг бу жараёндаги роли янада аниқлаштирилганини эътироф этиб, лойиҳа юзасидан ўз амалий таклиф-тавсияларини тақдим этди. Шу муносабат билан Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари БМТ, ЕХҲТ ва Венеция комиссияси халқаро экспертларига яна бир бор миннатдорчилик билдирди.
Айни вақтда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланаётганига эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тушунтириш мақсадида, Қонунчилик палатаси томонидан туркум давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Бу тадбирларда ноисломий диний ташкилотлар, миллий маданият марказлари намояндалари, хотин-қизлар ва ёшлар, шунингдек, таълим соҳаси вакиллари қатнашмоқда.
Баҳс-мунозаралар якунида симпозиум иштирокчилари ва халқаро экспертлар, дунё халқлари ҳаётининг маънавий-ахлоқий асосида диний қарашлар мужассам эканини ҳисобга олган ҳолда, фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод соҳасидаги ҳуқуқларига тааллуқли масалаларни муҳокама қилишда, биринчи навбатда, ҳар бир халқнинг тарихи ва анъанавий қадриятларига ҳурмат ҳамда эътибор билан ёндашиш лозим, деган якдил хулосага келдилар.
ЎзА