Мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги бош консули Валижон Ниёзхўжаев Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба-ёшлар уюшмалари вакиллари билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
“Тафаккур”, “Ўзбекистонлик талабалар Москвада” ва “Қалқон” талабалар бюроси” уюшмалари вакиллари иштирок этган учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар сиёсати соҳасида қатор устувор вазифалар белгилангани таъкидланди. Чет элда ўқиётган ёки меҳнат қилаётган ёшлар билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, замонавий жамиятда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш шулар жумласидандир.
Бош консулхона юқоридаги вазифаларни бажаришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Учрашув иштирокчиларига хорижда бўлиб турган пайтдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида маълумот берилди. Бундан ташқари, жорий йил мамлакатимизда йирик сиёсий воқеа — Ўзбекистон Президенти сайлови ўтказилиши кутилаётганига оид ахборот ёшларга етказилди.
Россия олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, пандемия билан боғлиқ вазият сабабли Ватанга қайтган талабаларнинг Россия ҳудудига киришини ташкил этиш масаласи Ўзбекистон Жаҳон ёшлар ассоциацияси вакиллари томонидан Россия Халқлар дўстлиги университетининг МДҲ ва Болтиқбўйи бўлими билан ҳамкорликда кўриб чиқилаётгани маълум қилинди.
Ёшлар бирлашмалари вакиллари чет элда ўқиш ниятида бўлган ўзбек ёшлари учун услубий қўлланмалар тайёрлаш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, шунингдек, малакали ватандошларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат аҳамиятидаги лойиҳаларга жалб қилишни режалаштирмоқда.