2020 йил glavnaya

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси “Олтин дафтар”ига киритилган ватандошларимиз сафи юз кишидан ошди

Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси вакиллари давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистонни ривожлантиришда чет элда меҳнат қилаётган ватандошларимиз имкониятларидан фойдаланиш бўйича ташаббусини ҳаётга тадбиқ этиш доирасида Кодже шаҳрига амалий сафар қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Кодже шаҳрида жойлашган «Samsung» ва «Daewoo» компанияларининг кемасозлик заводларида 500 га яқин ўзбекистонлик мутахассис ишлайди. Шаҳар касб-ҳунар коллежида эса 40 га яқин ватандошимиз таҳсил олмоқда.

Мулоқотлар доирасида Ўзбекистонда бизнес лойиҳаларни амалга ошириш, бу билан янги иш ўринлари яратишга кўмаклашиш ниятида бўлган бир гуруҳ ватандошлар билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Президенти томонидан 17 август куни ўтказилган йиғилиш, унда чет элда ишлаётган юртдошларимиз учун муносиб шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш, шунингдек, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини бошлашни режалаштирганлар учун имтиёз ва преференциялар тақдим этиш масалалари кўриб чиқилгани ҳақида батафсил маълумот берилди.

Учрашувда саккиз нафар ватандошимиз Ўзбекистонда ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун 600 минг доллар миқдорида  сармоя киритиш бўйича таклиф билдирди. Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси «Олтин дафтари»га киритилган ватандошлар сафи 100 кишидан ошди. Улар томонидан жалб қилинадиган инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 14 миллион долларни ташкил этмоқда.

Юртдошларимизга Жанубий Кореяда бўлган вақтда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий ечимлари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, ватандошлар ўзларини қизиқтирган саволларига элчихона вакилларидан жавоб олди. Уларга зарур консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.