2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

ЖАЪФАР МУҲАММАД ТЕРМИЗИЙ

      Ўзбек ва форс-тожик тилларида ижод қилувчи зуллисонайн шоир, таржимон, публицист, диншунос, файласуф ва адабиётшунос олим Жаъфар Муҳаммад Термизий (Холмўминов Жаъфар Муҳаммадиевич) 1968 йили 20 сентябрда Сурхондарё вилоятида туғилган. 1993 йилда ТДУ филология факултетининг форс-тожик адабиёти бўлимини тугатган. 1999-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академиясининг докторантурасида таҳсил олган.

      Фалсафа фанлари доктори (PH.D), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,  Antique World Халқаро Фанлар Академияси профессори, Тошкент давлат шарқшунослик  университетининг “Манбашунослик ва тасаввуф герменевтикаси” кафедраси доценти, Ўзбекистон Тожик миллий маданий маркази раиси.

      Шу пайтгача Жаъфар Муҳаммаднинг форс-тожик тилидаги “Ёмғирнинг кўзи” (Термиз, 1997), “Қуёш киприклари” (Душанбе, 1999), “Рангнинг яшил чиқиши” (Тошкент, 2003), “Тажаллий” (Тошкент, 2008), “Ишқ ошиғи” (Тошкент, 2011), “Ғазал ғизоли” (Тошкент, 2018) номли шеърий китоблари  ва  “Ҳануз ишқ…” (Теҳрон, 1011) номли сайланмаси, ўзбек тилидаги “Кўзгу ҳайрати” (Тошкент, 2010), “Қуёш сийрати” (Тошкент, 2015), “Вақт таъми” (Тошкент, 2018)  номли шеърий китоблари нашр этилган. Ўзбек шеърияти намояндалари – Эркин Воҳидов,  Абдулла Орипов, Сирожиддин Саййид, Икром Отамурод, Асқар Маҳкам, Бобур Бобомурод ва бошқалар  ижодидан намуналарни форс-тожик тилига,  мумтоз ва замонавий форс-тожик шеъриятининг 50 дан ортиқ намояндалари шеъриятидан намуналарни ўзбек китобхонлари учун таржима қилган.

   Фалсафа, диншунослик, ислом фалсафаси, тасаввуф фалсафаси, миллий маънавият ва Шарқ адабиётига оид бир қатор монография ва рисолалар, 300 дан ортиқ  илмий ва илмий-оммабоп, 100 дан ортиқ публицистик  мақолалар муаллифи.

 

СЕНИ СЕВДИМ

Замину осмонлардан Сени топдим, Сени севдим,

Аёну ноаёнлардан Сени топдим, Сени севдим.

Жаҳонни сарбасар кездим, сабодек дарбадар кездим,

Муқаддас ошёнлардан Сени топдим, Сени севдим.

Умидинг бирла кун ўтди, хаёлинг бирла тун ўтди,

Саҳарлардан, азонлардан Сени топдим, Сени севдим.

Неча юз боғни айландим, Сенинг атрингга бойландим,

Муаттар бўстонлардан Сени топдим, Сени севдим.

Муҳаббат ошкородир, Самарқанду Бухородир,

Валекин мен ниҳонлардан Сени топдим, Сени севдим.

На Райдансан, на Ясрибдан, на Машриқдан, на Мағрибдан,

Магарки, Каҳкашонлардан Сени топдим, Сени севдим.

На май қолди-ю на соғар, на девон қолди, на Жаъфар,

Қай онларда қаёнлардан Сени топдим, Сени севдим?

Тошкент, 2010 йил 20 январь

ТОНГ ОТМАДИ

 Бир кеча ойдек тўлиб сен келмадинг, тонг отмади,

Бир нафас меҳмон бўлиб сен келмадинг, тонг отмади.

Кўзларингга жон тасаддуқ, кўзларим кўзгусида,

Ғунча янглиғ очилиб, сен келмадинг, тонг отмади.

Юз жароҳатни дилимга  бедариғ этдинг нисор,

Билмайин ёки билиб… Сен келмадинг, тонг отмади.

Орзулар шаҳрида ҳасратда куймоқда юрак:

Айланиб ё ўргилиб, сен келмадинг… Тонг отмади.

Жон лабимга келди-ю, эй ғунчалаб, сўнди умид:

Шўху шодон бир кулиб, сен келмадинг. Тонг отмади.

Ҳам қалам қўлимдадир, ҳам юз алам кўнглимдадир,

Ишқилиб, бир иш қилиб сен келмадинг: Тонг отмади!

Ўчди юлдузлар самода, ўчмади аммо чироқ,

Кетди Жаъфар эзилиб: Сен келмадинг, тонг отмади.

Тошкент,2010 йил 29 январь

                                              ИШҚ

 Бир нафас тарк айламас қалбим уйин мастона Ишқ,

Дема бир мастонаким, мастонамас, девона Ишқ!

Куйдириб бирлахча чўғдек дилни айлар лахта қон,

Лахча чўғ недир ўзи, гўёки оташхона Ишқ.

Ақлу дилнинг ўртасида сулҳ истайман, вале,

Айлагай сулҳимни вайрон фитнагар, фаттона Ишқ.

Қайда Ҳинду қайда Синду қайда Руму қайда Рим,

Англамас қайда Бухоро, қайдадир Фарғона, Ишқ!

Кулбаи вайрона эрди борлиғим, бир лаҳзада,

Айлади гўё мени бир муҳташам кошона, Ишқ.

Шамъ янглиғ баски ёнгай то саҳар шайдо юрак,

Бошим узра айланар ҳар кеча чун парвона Ишқ.

Кўзларимдан уйқуларни тера-тера шодадай,

Субҳидам бўйнига айлар ҳалқаи маржона Ишқ.

Баски Жаъфар, бир нафас айро эмас мендан чу руҳ,

Бир сиқим кул бўлгуси мен бирла ёна-ёна Ишқ!

 

                               Тошкент,   2012 йил 7 август

 

                                БАҲОР ҚАСИДАСИ

 Соғиниб, юртимга шайдодек йӯл олдингми, Баҳор,

Ё аяб ошиқларингни кела қолдингми, Баҳор?

Қанчалар тӯсди йӯлингни қору музлар бирла қиш,

Сен омон-эсон тӯсиқлардан ӯтолдингми, Баҳор?

Нега осилди қовоғинг, ишқилиб, қор ёғмасин,

Эртароқ келдимми, деб ё ӯйга толдингми, Баҳор?

Гоҳи мойчечак, гоҳида лолақизғалдоқ ила

Қӯнғироғингни кӯнгул даштида чолдингми, Баҳор?

Ранг олибдирмиш ёноғингдан ӯриклар қизғиш-оқ,

Янги келинчак каби ёки уёлдингми, Баҳор?

Менга шеър, ошиққа гул, деҳқонга ризқ этдинг нисор,

Хайр этиш дарсини Ҳотам Тойдан олдингми, Баҳор?

Ёр келгайман, деган эрди баҳор айёмида,

Менга берган ваъдасин ёдига солдингми, Баҳор?

Ёзда қӯмсаб, кузда эслаб, қишда соғиндим сени,

Ёки Жаъфар қалбидан мангу жой олдингми, Баҳор?

 

БИЛА ОЛМАС

Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим ғазалига назира

Бир дардки, ки дармонини Луқмон била олмас,
Бир ғуссаки, юз Кулбаи эҳзон била олмас.

Бир ҳажрки, юз васл бўлолмас унга марҳам,
Бир тунки, ёритмоқ маҳи тобон била олмас.

Бир шаҳрки, деву дадининг сонини ҳатто
Осонлик ила шоҳ Сулаймон била олмас.

Бир макрки, маккораи даврон унга ҳайрон,
Бир фитнаки, услубини шайтон била олмас.

Тан жон ила, жон тан ила ҳарчанд тирикдир,
Тан ўз ичида не чекадир жон, била олмас.

Бир файзки, у бизда-ю бебаҳра биз ундан,
Бир Нурки, моҳиятин инсон била олмас.

Бир лутфки, ки қадрига етолмас бани Одам,
Бир Ақлки, поёнини Кайҳон била олмас.

Бир Ишқки биз унга-ю у бизга қарамдир,
Ким кимга асир, ақли паришон била олмас.

Тошкент, 2019 йил 15 август

 

БОРМИ Ё ЙЎҚ?

 Йўқлаб келишинг мақсади дийдорми ё йўқ,

Аслида кўнглинг менга сенинг борми ё йўқ?

Менким, Самак айёр[1] каби тунлари тайёр,

Сен – кўзлари айёр, менга ёрми ё йўқ?

Шавқингда ё Мансур[2] киби десам “Анал-Ҳақ”,

Бўйнинг бўладир бўйним учун дорми ё йўқ?

Мен ҳажр ўтидан ҳар нафас озор чекармен,

Сен – кўзлари жоду, йўлима зорми ё йўқ?

Қон йиғламиш аҳволима Бойсундаги тошлар,

Эй бут, ўзи кўксингда юрак борми ё йўқ?!

Қалбим-ла гирифтор сенга, жон-ла харидор,

Қалбинг менга, айтгинчи, гирифторми ё йўқ?

Келмас кўзима уйқуки, кирсанг тушима, ёр,

Мендек қароғинг тунлари бедорми ё йўқ?

Бошингни бир ўнгга бурибон пастга туширдинг,

Хун бўлди дилим: бу ўзи иқрорми ё йўқ?

Жаъфар сенинг ишқингда чунон эсидан оғмиш,

Билмас, бу ғазал маъниси такрорми ё йўқ?

                                                 Тошкент, 2018 йил 6 май

 

[1] Самаки айёр – Форс-тожик мумтоз адабиётида ёзилган илк саргузашт-роман – “Самак айёр”нинг бош қаҳрамони. Айёрлар мард, жасур, зийрак, доно, сўзамол, паҳлавон, фавқулодда чаққон, кимки уларнинг олдига ёрдам ёки паноҳ сўраб келса (ҳатто душмани бўлса ҳам), унинг учун жонини беришга тайёр кишилар бўлган, бировнинг сиррини пинҳон тутадиган, бировнинг омонатига хиёнат қилмайдиган тойифа бўлган. Кейинчалик ана шу айёрлар ҳаракати асосида тасаввуф таълимотидаги футувват – жавонмардлик тариқати вужудга келган.

[2] Мансур Ҳаллож.

 

 ТОПОЛМАЙСАН

Қуллик нелигин билмай Султонни тополмайсан,

Яъқуби муродингни – Канъонни тополмайсан.[3]

Саҳрони кезолмасдан Лайлога етолмайсан,

Мушкулдан ўтолмасдан осонни тополмайсан.

Кошонани соҳилда қумдан ясаб, ўзингдек,

Тўфон кўтарилганда нодонни тополмайсан.

 Эй ишқ ўтидан маҳрум! Бебаҳра муҳаббатдан

Инсон тугул оламда ҳайвонни тополмайсан.

 Дурдек ниятинг холис то бўлмаса, эй ғаввос,

Денгиз тубига шўнғиб, маржонни тополмайсан.

Шайтонга тош отгандек нафсингга тош отдингми?

Кибринг ила, эй зойир,[4] Раҳмонни тополмайсан!

Сен сабру қаноатни Айюбдан[5] ўргангин,

Оғриққа чидолмасдан дармонни тополмайсан.

Мағриб қай-у, қай Машриқ, муъмин ким-у, ким мушрик?

Фарқига боролмасдан, Фурқонни[6] тополмайсан.

Арқони илоҳийга чанг урмадинг-ку, бир кун,

Арконни тополсанг ҳам арқонни тополмайсан.

Ҳайратда фано бўлган, сийратда фано бўлган,

Жаъфар каби дунёда ҳайронни тополмайсан.

                                   Тошкент, 2018 йил 3 сентябр

3] Юсуф (а) қиссасига ишора.

[4] Зойир – зиёратчи, зиёрат қилгувчи.

[5] Айюб пайғамбар (а).

[6] Фурқон – ажрим этувчи, фарқ этувчи, ажратувчи; Қуръони каримнинг 25-сураси номи; Қуръони карим номларидан бири.