2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Жанубий Кореяда янги ташкил этилган Ўзбекистонликлар уюшмасида бугун биринчи марта ватандошлар учун консуллик –ҳуқуқий ва бошқа масалалар бўйича қабул уюштирилди

Бугун Квангжу шаҳридаги “Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси”да мамлакатимизнинг Сеул шаҳридаги элчихонаси консуллик бўлими, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ва “Kimsong” адвокатлик фирмаси ходимлари томонидан ватандошларимизга консуллик хизматлари, мигрант ишчиларнинг муаммоларини ҳал қилиш юзасидан маслаҳатлар, шунингдек миграция ва ҳуқуқий масалалар бўйича қабул ташкил этилди.

Дастлаб уюшма биносига йиғилган 50 нафарга яқин юртдошимизга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 октябрь куни Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан Шимолий иқтисодий ҳамкорлик иккинчи халқаро форумида сўзлаган нутқи намойиш этилди.

Тадбир иштирокчилари давлатимиз раҳбарининг халқаро анжумандаги чиқишини катта қизиқиш билан кузатди. Улар Президентимиз томонидан илгари сурилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, Корея Республикасида вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ўзбекистонликларга кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган қулайликлар учун миннатдорлик билдирди.

Қабул чоғида элчихона консуллик бўлими томонидан юртдошларимизга консуллик-ҳуқуқий масалаларда маслаҳатлар берилди, турли консуллик хизматлари кўрсатилди ва уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси ва Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси ходимлари меҳнат фаолияти, иш ҳақини ўз вақтида олиш, касб ва тил ўрганиш бўйича ўқув курсларига рўйхатдан ўтиш ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар бўйича маслаҳатлар берди.