2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Жанубий Кореяда ўзбекистонликларнинг биринчи уюшмаси расмий равишда очилди

Корея Республикасининг Квангжу шаҳрида “Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси”нинг  тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси вакиллари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ходимлари, 100 дан ортиқ ватандош, Корея Республикаси давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Маросим қатнашчиларига Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Фен табрик йўллади.

Корея Республикаси Миллий ассамблеяси аъзолари Янг Ҳянг Жа, Ли Янг Ҳун, Ли Янг Бин, Квангжу шаҳар мэрияси бўлим бошлиғи Ли Бо Гин, Квангжу шаҳар Инсон ресурслари ривожлантириш маркази бошлиғи Чонг Инг Ҳи, Ўзбекистон бандлик ва меҳнат вазирининг фахрий маслаҳатчиси,  Хонам касб-ҳунар коллежи директори Ким Ён-се ва “Кимсон” адвокатлик компанияси марказ директори Парк Сон Ҳу сўзга чиқиб, янги тузилган уюшманинг фаолиятига муваффақият тилади, уни қўллаб-қувватлаб, ҳамкорлик қилишга тайёр эканини  билдирди.

Маросим иштарокчилари ушбу йўналишдаги фаол ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги алоҳида стратегик шерикчилик алоқалари ҳамда давлатларимиз раҳбарларининг яқин ва дўстона муносабатларининг самараси эканига алоҳида урғу берди.

Мазкур уюшманинг фаолият кўрсатиш жойи сифатида Квангжу шаҳри танлангани бежиз эмас. Бу ерда кўп сонли ватандошларимиз вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланади, таълим олади, истиқомат қилади.

Анжуманда сўзга чиққан ватандошларимиз янги таъсис этилган ташкилот Жанубий Корея пойтахтидан йироқда бўлиб турган юртдошларимизга зарур амалий ёрдам кўрсатиши, уларни янада жипслаштиришига ишонч билдирди. Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хорижда бўлиб турган фуқароларимиз учун бундай қулайлик ва имкониятлар яратиб берилаётгани учун чуқур миннатдорчилик изҳор этилди.