Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжу шаҳридаги ваколатхонаси ҳамда Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси томонидан Чинчон шаҳрида ушбу давлатда таҳсил олаётган ва вақтинча меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда фуқароларимизга консуллик хизматлари кўрсатилди, мигрант ишчилар ва талабаларнинг мавжуд муаммоларини ҳал қилиш бўйича ҳамда консуллик-ҳуқуқий масалаларда зарур маслаҳатлар берилди.
Мазкур учрашувнинг аввалгиларидан фарқли томони шунда бўлдики, унда эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда юртдошларимизга нафақат бевосита, балки онлайн тарзда ҳам иштирок этиш имконияти тақдим этилди. Ушбу онлайн-мулоқот Инстаграм ижтимоий тармоғида 130 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган блогер Обид Каримов томонидан ўз саҳифасида тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Тадбирда фуқароларимизга Жанубий Кореяда сўнгги кунларда кузатилаётган жиддий эпидемиологик ҳолатни ҳисобга олган ҳолда эҳтиёт чораларини кўриш, ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқоб тақиб юриш, бу борада мамлакат ҳукумати томонидан қўйилаётган барча қонуний талабларга қатъий амал қилиш зарурлиги тушунтирилди.
Шунингдек, иштирокчиларнинг пандемия шароити туфайли вужудга келган муаммолари, мигрант ишчилар ва талабаларнинг Корея Республикаси ҳудудига кириб келиш, хорижга чиқиш биометрик паспорти олиш, ФҲДЁ ҳужжатларини расмийлаштириш ва шу каби бошқа саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 17 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши, унда хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимиз учун муносиб шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш, шунингдек, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини бошлашни режалаштирганлар учун имтиёз ва преференциялар тақдим этиш масалалари кўриб чиқилгани ҳақида батафсил маълумот берилди.
Юртдошларимизга яқинда ташкил этилган Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси ҳақида ҳам маълум қилиниб, ушбу уюшма ишида фаол иштирок этишга чақирилди.