Жорий йилнинг 15-август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда “Корея — Марказий Осиё Форуми” Котибияти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
“Корея — Марказий Осиё Форуми” Котибияти 2016-йил 15- ноябрда Корея Фонди ҳузурида ташкил этилган бўлиб, мунтазам равишда кўп томонлама маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш фаолиятининг асосий мезонини ташкил этади.
Учрашувда Котибият вице-президенти Сеонг-ин Ким бошчилигидаги делегация ҳамда Қўмита раҳбарияти ўзаро томонлар фаолиятлари билан яқиндан танишди.
Қўмита раиси Рустам Қурбонов томонидан юртимизда бошқа миллат вакилларига қаратилаётган эътибор, шарт-шароитлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган “Ўзбекистон – Корея” дўстлик жамиятининг фаол экани ҳақида таъкидланди. Шунингдек корейс халқи анъаналарига содиқлиги жиҳатидан, маданияти ва урф-одатларида ўзбек халқи билан ўхшашлик ва умумийликлар бор экани эътироф этилди.
1937-йилда Корейс халқи Хитой ва Собиқ Иттифоқ давлатларига кўчгани ва бунда бошқа давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам бағрини очгани, шундан буён юртимизда аҳил-иноқ ҳаёт кечириб келаётганлари сир эмас. Бошқа халқлар қатори корейс халқининг ҳам миллий байрамлари юртимизда нишонланиб келиниши эса сўзимиз исботи.
Сеонг-ин Ким ҳам ўз навбатида бугунги кунда Корея Республикасида 70 мингга яқин ўзбек миллати истиқомат қилиши, ўзбекларнинг меҳнатсеварлиги ва Наврўз сингари байрамларимиз мунтазам нишонланишини қайд этди.
— Қўмита фаолиятини юқори баҳолайман. Негаки мақсадлари аниқ ва амалдаги ишлари айнан кўзланган мақсадга мувофиқ. Хусусан, юртингиздаги бошқа миллат вакилларига бўлган эътибор, хориждаги ватандошлар билан ҳам мунтазам алоқаларни яхшилашга уриниш фикримча сўзимнинг исботи, — дейди Сеонг-ин Ким.
Учрашувда делегация раҳбари томонидан икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, хусусан Меморандумнинг имзоланиши ўзбек-корейс алоқаларининг янги босқичга олиб чиқиши алоҳида таъкидланди.
Қўмита ва Котибият аъзолари билан келишилган истиқболли режалар, таклифлар ва меморандум келажакда халқларимиз ўртасидаги алоқаларнинг янада яхшиланишига хизмат қилишига шубҳа йўқ.