ТОШКEНТ ШАҲАР “СВИТАНАК” БEЛОРУС МАДАНИЙ МАРКАЗИ
Бугунги кунда Ўзбекистонда 19 мингдан ортиқ белорус истиқомат қилади. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин 1993 йилда Тошкент шаҳар “Свитанак” белорус маданий маркази ташкил этилганидан бошлаб ўзбекистонлик белоруслар ўз она тилини, аждодлар маданиятини ўрганиш ва халқ байрамларини тиклаш имкониятига эга бўлдилар.
Марказ маданиймаърифий фаолиятининг устувор йўналишлари муҳим саналарга бағишланган маърузалар, концертлар ва тадбирларни ўтказишдан иборат. Ўзбекистон ва Беларус Республикаси мустақиллик кунлари анъанавий ўзбекбелорус дўстлик кечалари сифатида илиқ ва самимий руҳда ўтказилади. Хотира ва қадрлаш кунида Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ва ҳалок бўлганлар йодга олинади.
Уруш йилларида эвакуатсия қилинган беларуслар, уларнинг вакили шоир Якуб Коласнинг қуйидаги шеъри эсланади:
Беларус Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан биргаликда уруш даврида Беларусни озод қилишда иштирок этган ўзбекистонликларга бағишланган кечалар ўтказилади.
Марказда Наврўз байрами билан бирга Стречану — баҳор байрами, Дажинки — ҳосил байрами, Рождество — Калядки байрами, Славян ёзуви ва маданияти куни кенг нишонланади.
Ёшларни жаҳон маданий меросига ҳурмат билан қараш тамойиллари асосида тарбиялаш баробарида таниқли белорус шоирлари ва композиторларининг асарлари асосида концертлар ўтказилади, белорус ёзувчилари Янка Купала, Петрус Бровка ва уруш йилларида Тошкентда яшаган Якуб Колас таваллуд кунларига бағишланган кечалар ташкил қилинади. “Славутие земляки” кечалар туркуми иқтидорли тошкентлик ҳайкалтарош Нина Кримская, ўзбек ёзувчилари Абдулла Қаҳҳор, Ойбек ва Муқимий ижоди тадқиқотчиси, филология фанлари доктори, профессор ва шоир Стефан Лиходзиевский каби таниқли ўзбекистонлик белорусларга бағишланади.
Халқ хори унвонига сазовор бўлган“Катюша” жамоаси “Свитанак” белорус маданий марказининг ташриф қоғози ҳисобланади, республика фестивалларининг бир неча бор ғолиби бўлган ушбу жамоа барча миллий марказларда ҳам ардоқли меҳмон сифатида кутиб олинади. Марказ қошида яна бир ёшлардан таркиб топган жамоа — “Движение” рақс ансамбли фаолият кўрсатади. Унинг репертуарида белорус, ўзбек ва бошқа халқларнинг рақслари ўрин олган.
“Свитанак” белорус маданий маркази билан бирга 2006 йили Ангрен шаҳрида ташкил этилган белорус маданий маркази ҳам фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистонлик белоруслар ҳаёти, миллий байрамлари ва анъаналари республика радиоси ва газеталари саҳифаларида ёритилмоқда.